Бюджет тизими истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази томонидан “Ўзбекистон молия тизимининг мустақил 25 йил давомидаги тараққиёт йўли” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази томонидан “Ўзбекистон молия тизимининг мустақил 25 йил давомидаги тараққиёт йўли” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ва амалиётчи мутахассислар, молия ва ғазначилик тизими ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари – Ғазначилик бошлиғи Д.Сатторов ва бошқалар мустақиллик йилларида давлат бюджети маблағларини бошқариш, мақсадли фойдаланиш, харажатларни молиялаштиришда янгича механизмлар ва усулларни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилганлиги, халқаро стандартларга жавоб берадиган, ривожланган мамлакатлар молия тизимининг илғор тажрибасини ўзида мужассам этган миллий ғазначилик тизими яратилганлиги, давлат харидлари бўйича бюджет ташкилотлари ходимларининг малакаси оширилгани ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади.
Бу борада эришилган ютуқларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказининг муносиб ҳиссаси бор. 2007 йилда фаолияти йўлга қўйилган ўқув марказида ўтган йиллар давомида 49 мингдан зиёд тингловчи билимини мустаҳкамлади, 10 инновацион лойиҳа амалга оширилди, 23 дарслик, ўқув-қўлланмалар яратилди.
– Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5, аҳоли реал даромади 9 баробар ўсди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари номзоди Илҳом Носиров. – Бунда бюджет тизимини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари, ҳуқуқий асослари яратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда молия соҳасининг тараққиёт йўлида давлат харидлари тизими яратилгани ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди. Ҳозир давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш стратегияси, унинг норматив ҳуқуқий базасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилмоқда. Бунда давлат харидларининг барча иштирокчиларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, тизим очиқлигини таъминлаш, бу жараёнга АКТни жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда ғазначилик тизими, уни ташкил этиш, ривожлантириш ҳамда яқин келажакдаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат бюджетини бошқариш соҳасидаги янгиликлар, барча субъектлар бюджет ва молиявий интизомга қатъий риоя қилиши, халқаро стандартларга таянган ҳолда давлат сектори учун бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.