Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда
Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббусига асосан суд амалиётида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартишлар киритилиши назарда тутилмоқда. Маълумки, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига 2021 йил 12 январдаги қонунлар билан тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Ушбу қонунларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ва бошқа шу каби масалалар назарда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 24-моддаларидаги "Туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича" деган сўзлар "Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди" деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасига кўра, 29-моддада Молия вазирлигининг вазифалари бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларида ички аудит фаолиятини услубий таъминлаш ва мувофиқлаштириш соҳасида тўлдирилаётган бўлса, бюджет очиқлигини таъминлаш мақсадида 1661-моддада туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ўз расмий веб-сайтларига ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштиришлари кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси номи Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига ўзгартирилмоқда. Ҳисобот йили якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг бажарилишини давлат молиявий назоратидан ўтказиш мазкур назорат инспекцияси вазифалари сифатида белгиланяпти.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА