Буюк шоирни ёд этиб
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган бадиий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Туркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккирдир.

Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.

Бу йил ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланмоқда.


Кўргазмада ўзбекистонлик рассомлар Ғофур Қодиров, Римма Гаглоева, Тўра Курязов, Эркабой Машарипов ва Туркманистон рассомлари Чаримурат Язмурадов, Зокиржон Бабаев, Гилисурад Нурлиевларнинг сара асарлари ўрин олган. Мазкур асарларда Махтумқули Фироғийнинг ҳаёти ва ижоди акс эттирилган.
Кўргазма жорий йилнинг 26 июль кунигача давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА