Буюк келажак сари дадил қадам
Бунда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам қудратли бўлади” деган тамойил илгари сурилди.
Ҳар бир отган тонг бизни энг улуғ ва энг азиз байрам - юртимиз мустақиллигининг 29 йиллигига яқинлаштирмоқда. Бу йил ушбу байрамнинг коронавирус пандемияси даврига тўғри келишига қарамасдан, карантин талабларига риоя қилган ҳолда «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида нишонланмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши юртимизда давлат ва жамият қурилишида, унинг ҳар томонлама ривожланишида янги босқични бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш бўлиб, ушбу йўналишда ўтган қисқа давр ичида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Бунда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам қудратли бўлади” деган тамойил илгари сурилди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашини, одамларнинг кундан-кунга ортиб бораётган талабини таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг кўламини ва кўрсаткичларини орттириш мақсадини кўзлайди. Тижорат банклари ҳам халқни тадбиркорликка жалб этиш ва ўргатиш йўналишида самарали фаолият юритмоқда. Бунинг учун банк вакиллари олдингидек хизмат хоналарида ўтирмасдан уйма-уй юриб, аҳолига ўз хизматларини, шу жумладан имтиёзли кредитларни тақдим қилмоқда.
–Асосий Қонунимиз бўлган Конституциянинг 36 ва 53-моддаларида белгилаб қўйилган «Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли» ва «Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир» деган нормаларни амалда юзага чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий этилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Элмурод Турсунов. – Давлатимизда ҳар хил иқтисодий хавфларга қарши чора-тадбирлар, мазкур соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини янада такомиллаштириш натижасида барқарор иқтисодий кўрсаткичлар сақланиб қолинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида сўнгги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиётнинг улушини камайтириш чоралари кўрилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундай бўлсада, бу соҳадаги ишлар етарли эмас, шу сабабли халқаро ташкилотларнинг экспертларини жалб этган ҳолда, стратегия ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашишда эҳтиёт бўлиш, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик, бунинг учун давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатликда ишлаши муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, солиқ ислоҳотларини кетма-кетликда давом эттириб, яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган «Инсофли солиқ тўловчи» тизимини шакллантириш бўйича кўрсатма берилди.
Кучли ижтимоий сиёсат юритиш–мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг асосий йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг реал даромадларини ошириш, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди ва амалга оширилмоқда. Бу соҳада жорий йилнинг ўзида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолиятини ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ўзини ўзи банд қилувчи шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият тури 67 тага етди. Бундан ташқари, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Айниқса, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил қилиниши жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ортиқча вазифаларини қисқартириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш соҳасидаги ислоҳотлар узлуксиз давом эттирилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида, сайлов жараёнида тенг иштирок этиши, барча соҳаларда ҳуқуқ ва имкониятларнинг давлат томонидан таъминланиши, хотин-қизларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бундай ҳолатга муросасиз курашишнинг аниқ механизми жорий этилди.
–Юртимизнинг ҳар томонлама ривожланишини шу ўлкада яшаб ва меҳнат қилиб келаётган 136 та миллат ва элат вакилларининг ўзаро тотувлигисиз, 16 та диний конфессия вакиллари ўртасидаги бағрикенглик муносабатларисиз кўз олдимизга келтира олмаймиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг бўлим бошлиғи Исатай Аллабергенов.–2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жамиятимизда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқароларнинг онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундай муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эгадир.
Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, миллий маданий марказларга амалий ёрдам кўрсатиш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон — умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш чораларини кўради.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони асосида 2019 — 2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ва комиссия таркиби тасдиқланди. Шундай экан, бугунги кунда миллатлараро тотувлик, улар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда асосий омил бўлиб қолаверади.
Президентимиз раҳбарлигида коронавирус пандемияси даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Темир дафтар»га киритилган оила аъзоларининг ҳар бирига республика бюджетидан бир марталик ва бошқада ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Бугунги карантин чораларига қарамасдан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур меҳнат стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиб, тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттирилиши, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ҳамда ғамхўрликнинг яққол кўриниши бўлиб топилади.
Шундай синовли кунларда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларимизнинг муносиб турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилиши билан бирга, вақтинча қийинчиликларни енгиб чиқишда халқимизга куч-қувват ва сабр-тоқат бериши билан аҳамиятлидир.


