Буюк ипак йўлидаги “Искандар қўли”
Дунё коррупция билан қандай курашмоқда?
Ўзбекистон пойтахтининг Шайхонтоҳур туманидаги “Тошкент-City” савдо маркази ҳудудида коррупцияга қарши кураш тимсоли сифатида ўрнатилган монументда биз буюк шоҳ ва саркарда Искандар Зулқарнайн қўлининг рамзини кўргандай бўлдик. Гапни ҳам Зулқарнайндан бошлаймиз...
Дунёнинг кўплаб мамлакатларига қилган зафарли юришларидан кейин Искандар Зулқарнайн Сирдарёнинг чап қирғоғидаги бугунги Хўжанд шаҳрига қадар келади. Шу ерда Искандария шаҳрига асос солиб, Афғонистон билан Ҳиндистон томон юриш қилади. Не-не давлатларни забт этиб, жанг-жадалдан чиққан Зулқарнайн ўша томонда вафот этади. Ўлим тўшагида ётган Искандарнинг энг сўнгги сўзлари шундай:
– ...Ярим дунёни фатҳ этган инсоннинг “сўнгги сафари” арафасидаги қўлларига бир назар ташланг, улар – бўм бўш, кафтлар ланг очиқ!” Шу сўзларни айтиб бўлиб, ҳолдан тойган Искандар кўзини юмади ва ажалга навбат беради.
Ўлимидан олдин Искандар васият қилган эди: Қўлларимни тобутдан чиқариб қўйинг!
Демак, одамзот бу дунёдан ҳеч нарсани олиб кетолмайди. Шундай экан, нега коррупция тугамайди? Нима учун билимимиз, маданиятимиз кўнгилдагидек эмас, нима сабабдан тиббиётимиз самарасиз, дам олиш, ҳордиқ чиқаришимиз ривожланган давлатлар даражасидан паст, нимага маошимиз кам, нимага баъзан ҳақиқат тўла қарор топмайди? Биз адолатли ҳукм кутиб қоламиз-у, ишга ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик, ноқонуний муносабат аралашиб, адолат ўрнига ноҳақлик, баъзан эса қонун бузилиши, зўравонлик ҳукм суради.
Нимага... нимага... нимага?? Тўғри, бу саволларнинг ҳар бирига мантиқий жавоб, асос, баҳона-ю сабаб бор. Фақт энг ёмони, энг даҳшатлиси шундаки, орамизда саноқли бўлса-да, орсиз, виждонсиз, фақат ўзини ўйлайдиган, тўғри йўлдан тойган, бефарқлик касалига мубтало бўлган кимсалар бор. Ҳатто, паст-баланд лавозимдаги айрим раҳбар ходимлар ҳам коррупция, пора олди-бердиси каби ноқонуний, жиноий, махфий жараёнларга аралашиб қолган.
Коррупция – тоза, маҳкам, мустаҳкам илдизларни қуритадиган қурт, темирни ҳам емирадиган занг. Бу қурт билан занг ташқи таъсир ёрдамида қириб олиб ташланмас экан, ўзакка етиб борганда, дарахт қулайди, темир чил парчин бўлади. Тош-у тупроқдан ажратилиб, чўян печда эритиб қуйилган темир пўк кукунга айланади.
Тозалик билан поклик, ҳалоллик билан ҳақиқат маънавий бойлик, давлат, дейилади халқ тилида. Ҳалол одам – олтин, занг олмайди, чириш нималигини билмайди. Сув, олов ёки куч – мушт билан, қаттиқ тош ёки оғир гап-сўз билан қанча эзманг, саваламанг, олтин ўз ҳолича қолади, ўзгармайди. Хурсандчилик, бахтли онларда эса бутун ҳусни, таровати ила келажакка, эзгуликка хизмат қилади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти – uza.uz коррупцияга қарши кураш мавзусида мунтазам мақолалар бериб бормоқда. “Дунё коррупция билан қандай курашмоқда?” номли янги рукнда эса коррупцияга қарши курашда энг яхши натижаларга эришаётган ўнлик – ўнта давлат тажрибаси ҳақида ҳикоя қилинади.
Дания... Мусулмон аёлининг исми билан юритиладиган бу давлат шоирона “Зангори марваридлар мамлакати”, “Андерсен эртаклари ватани”, деб ҳам айтилади. Бунга қўшимча тарзда Дания – тинчлик, осойишталик, юксак маданият ва юқори турмуш тарзи учун астойдил курашаётган давлат, бу мамлакатда дунёдаги энг тоза, энг покиза халқ истиқомат қилиб, худди шундай мулозимлар фаолият юритишади, демоқчи эдик. Дания коррупцияга қарши курашаётган 180 давлат орасида биринчи ўринда туради.
“Transparency International” нодавлат халқаро ташкилоти маълумотига таянган ҳолда, тўла асос билан шуни айтиш мумкин-ки, бугун Дания коррупция ҳолати энг кам учрайдиган давлат, халқ ва жамият.
Биринчи ва асосий савол пайдо бўлади: хўш, нима учун данияликлар пора олишмайди, беришмайди ҳам?
Жавоб оддий: Сабаби, бу давлатда ҳар бир фуқаро, аввало, инсон қадри ҳимоя қилинадиган, жиноят жазосиз қолмайдиган, адолатли қонунлар ҳукм сураётган давлатда яшаётганини чуқур ҳис этади. 5 миллион 800 мингдан зиёд аҳоли буни ҳар кун, ҳар соат кўриб, ишонч ҳосил қилади. Бундай фуқаро бор куч-қудрати, ақл-идрокини ватан равнақига, яхши кўрган иши, ўзи танлаган касбига бағишлайди, не машаққат билан эришган мартаба-ю лавозими қадрига етади. Топшириқни, мажбуриятини вақтида, қойилмақом қилиб, виждонан адо этади.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, данияликларнинг ҳаммаси ўқиш ва иш билан таъминланган, уларнинг тер тўкиб топган пули, даромади ўзига, оиласига яшаш, даволаниш ёки санаторийда дам олиш учун бемалол етади. Мабодо пора оладиган бўлса, биладики, бу иши эртагаёқ барчага ошкор бўлади ва ўзи қаттиқ жазоланади. Бу иллатга аралашиб қолса борми, идора жамоаси орасида, маҳалла-кўйда, оиласи, фарзандлари, қўни-қўшниси, дўст-биродари, қариндош-уруғи олдида шарманда-ю, шармисор бўлади.
Қадимдан маънавий дунёси бойлиги, феъли, табиати, фитрати софлиги данияликлар ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Улар осон йўл билан бойлик топишга, коррупция каби жиноий ишларга терс қарайди. Бундай ғаламис фикр, ғоя уларнинг хаёлида йўқ, деса ҳам бўлади. Пора берувчи душман бўлмаса ҳам, дўст эмаслигини аниқ билади.
Ижтимоий тадқиқот шуни кўрсатдики, Европанинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, даниялик респондентларнинг бор-йўғи 3 фоизи кундалик ҳаётда коррупцияга дуч келган. Кўҳна қитъанинг бошқа мамлакатларида эса бундай ҳолатга 8 баробар кўп рўбарў келишади. Сўнгги 12 ойда 1 фоиз даниялик ўз ихтиёри билан ё пора сўраган ёки пора беришга мажбур бўлган. Очиқлик, ошкоралик, одиллик, ижтимоий ҳаётдаги барча воқеа-ҳодисалар, айниқса коррупцияга қарши курашда жамоатчилик вакилларининг тенг қатнашиш ҳуқуқи Данияда биринчи ўринда туриши таъкидланади.
Шуларни ўқиб, ўрганиб ёзяпман-у, бу бугунги ҳаётдан олис, узоқ бир хаёлотдаги мамлакат эмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Гоҳ ишонгинг келмайди. Бинобарин, имоним комилки, бутун дунё халқлари, миллатлар, фуқаролар данияликлардек бўлишни жуда-жуда истаган, орзу қилган, хоҳлаган бўларди. Боз устига, давлат мулозимлари Данияда юқори даражада ижтимоий ҳимояланган қатлам ҳисобланади. Уларга жамиятда, иш жойида кўплаб қулайлик, имкониятлар яратилган: тиббий хизмат бепул, таълим давлат ҳисобидан, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқи давлат қонунлари билан сифатли кафолатланган. Буларнинг бари одамларни коррупцияга аралашишдан сақлайди, дейишади данияликлар.
Дания, айтганимиздек, 180 давлат орасида дастлабки ўнлик бошидан, биринчи қатордан ўрин олган. Хўш, икки юзга яқин давлат, бутун дунё ҳам дейлик, коррупция ботқоғидан чиқа олмай турган бир пайтда бундай ютуққа улар қандай эришди? Бунинг асл сабаби нимада, данияликларнинг коррупцияга қарши кураш усуллари қандай?
Айтиб ўтайлик, бу мамлакат ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб, демак бир авлод умри – 30 йилдан кўпроқ давр мобайнида коррупцияга, порахўрликка, ноқонуний, махфий олди-бердига қарши кураш бўйича дунё рейтингини бошқариб келмоқда.
Ҳақиқатдан қочмай, яна шуни қайд этиш жоизки, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, Данияда ҳам коррупция мутлақо йўқ, деб бўлмайди. Жараённи назорат қиладиган, диққат-эътиборидан ҳеч нима четда қолмайдиган “Corruption Perceptions Index – CPI Transparency International” нодавлат халқаро ташкилоти маълумотига кўра, Данияда давлат хизматчилари коррупция бўйича умумжаҳон рўйхатининг энг қуйисида жойлашган.
Маълум бўлишича, бундай муваффақиятнинг асл сабабини аниқлаш билан Копенгаген унверситети тадқиқотчилари шуғулланган. Натижа эса Америка иқтисодиёти мавзусини таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан ёритадиган “American Economic Journal: Economic Policy” журналида чоп этилган.
Биринчи сабаб шуки, Данияда давлат хизматига ходимлар саводли, маданиятли, одобли, юксак интеллект-ақлга эга бўлган, дилида жамиятга фойдам тегсин, дея фидокорона меҳнат қиладиган, халқи ва ватани тақдирига бефарқ қарамайдиган номзодлар орасидан “чертиб-чертиб” танлаб олинади. Махсус ишлаб чиқилган, холисона хулоса берадиган тест асосида ўта талабчан, жиддий ва объектив танловдан ўтгандан кейингина, улар ишга йўлланади. Хизматга олинадиган тадқиқот гуруҳидаги номзодлар синчковлик билан пухта ўрганилади, табиатида ёлғон гапиришга мойиллиги бор-йўқлигига алоҳида эътибор қаратилади. Бундай хислатларга эга бўлганлар бир гуруҳга, қолганлар бошқа гуруҳга бўлинади. Улар орасидан давлат ташкилотларида ишлаш истаги борлари ажратилади. Муҳим масалаларни ҳал қилиш учун энг масъулиятли ишларга алоҳида масъулиятли, тез ва тўғри қарор қабул қиладиган номзодлар тайинланади.
Ёлғон гапирмайдиган номзодларни аниқлашда “суяк ташлаш” номли компьютер ўйини ёрдам беради. Суяк ташлашдан илгари ҳар бир номзод неча балл олишини аввалдан тахмин (прогноз) қилиб ёзиб қўяди. Бу рақам “суяк ташланган”дан кейин компьютерда чиққан реал балл билан солиштирилади. Бу номзоднинг кўзланган мақсадга қанчалик эриша олиш қобилиятидан, унинг салоҳиятидан дарак беради. Ва шунга яраша иш, лавозим тавсия этилади. Таъкидлаш жоиз, бу компьютер шундай дастурланган-ки, алдамай, тўғри ўйнаган номзод олти имкониятдан биттасида албатта ғолиб чиқади. Бироз бўлса-да, ёлғонга моймиллиги бор номзод ўзининг “учар нияти”ни холис компьютердан яшира олмайди. Пировардида алдагани учун масалани тўғри еча олмайди ва мағлуб бўлади. Номзодга қобилиятига яраша амал курсиси ёки келгуси танловда яна бир бор қатнашиш имкони берилади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, танловда қатнашганлардан 14 фоизи тўғри сўз, қобилияти юқори, давлат ишида фойдаланса бўладиган покиза шахслар бўлиб чиқди.
Коррупцияга қарши кураш ҳолатини таҳлил қилиб борадиган “Transparency International” халқаро ташкилоти қайдига кўра, Ўзбекистон кўрсаткични мунтазам равишда яхшилаб, 2023 йил якуний индекс кўрсаткичи бўйича 33 балл тўплади ва 180-ўриндан 121-ўринга кўтарилди.
И.Абдухолиқов, ЎзА шарҳловчиси
Мавзуга оид навбатдаги мақоламиз коррупцияга қарши кураш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турган Финляндияга бағишланади. Сайтимизни кузатиб боринг.