Буюк давлат арбобига эҳтиром кўрсатилди
9 апрель – Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд санаси муносабати билан Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Бугун эрта тонгдан Шаҳрисабз шаҳридаги Кўкгумбаз мажмуасидаги Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг устози Шайх Шамсиддин Кулол мақбарасида жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида барча секторлар раҳбарлари, ҳарбийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Оқсарой майдонидаги Амир Темур ҳайкали атрофида жам бўлишди.
Вилоят раҳбари Муроджон Азимов сўзга чиқиб, буюк давлат арбоби ва маънавият ҳомийси Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги ўрни ҳамда салоҳияти, ҳарбий сиёсати, маънавий-маърифий соҳага қўшган улкан ҳиссаси, қолдирган бой маданий мероси, шунингдек, бобомиз орзу қилган мустақил Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларини тилга олди.
[gallery-22714]
Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди ва унинг руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари