Буюк қалб соҳибига эҳтиром
Ганди нафақат ўз юртида, балки бутун ер юзида зулм ва зўравонликка барҳам беришга муносиб ҳисса қўшди.
Яқинда Ҳиндистонда атоқли давлат ва жамоат арбоби, ҳинд халқининг буюк фарзанди Маҳатма Гандининг бу йил нишонланадиган 150 йиллиги муносабати билан “Мен англаган Ганди” номли китоб-антологияси инглиз тилида нашр этилди.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган ушбу салмоқли китобга атоқли давлат раҳбарлари, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, адиблар ва олимларнинг Маҳатма Ганди ҳақидаги фикрлари жамланган.
Тўпламда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон озодлиги ва истиқлолининг асосчиси бўлган Маҳатма Гандининг ҳаёт йўли, сиёсий фаолияти, юксак инсоний фазилатлари ҳақида эҳтиром билан баён этилган фикрларига кенг ўрин берилган.
Маълумки, Президентимиз Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи, 2019 йил 17-18 январь кунлари “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммити муносабати билан Ҳиндистонга ташриф буюрган эди. Олий даражадаги мазкур ташрифлар натижасида мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий йўналишлардаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда.
Ташриф доирасида Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” номли машҳур китоби Тошкентда давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан ўзбек тилида нашр этилган эди.
Президентимизнинг “Мен англаган Ганди” китоб-антологиясига киритилган “Буюк қалб соҳиби” номли мақоласида, жумладан, шундай фикрлар билдирилади:
“Маҳатма Ганди аввало буюк мутафаккир ва гуманист, ҳинд халқининг доҳийси эди. Ана шундай беназир фазилатлари, ўз халқига бўлган улкан муҳаббати ва садоқати туфайли у Ҳиндистоннинг қон тўкмасдан миллий мустақилликни қўлга киритиши йўлида чексиз фидойилик кўрсатди. Унинг “аҳимса”, яъни, зулмга қарши куч ишлатмаслик ҳақидаги таълимоти маърифий дунё аҳли орасида айниқса машҳурдир.
Ганди нафақат ўз юртида, балки бутун ер юзида зулм ва зўравонликка барҳам беришга муносиб ҳисса қўшди. 2007 йил 15 июнда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2 октябрь “Халқаро зулмга қарши кураш куни” деб эълон қилиниб, Ганди таълимоти жаҳон миқёсида эътироф этилди.
Маҳатма Ганди адолат ва ҳақиқатни зулм ва истибдодга қарши қўйиб, инсон ўзининг собит иродаси билан нақадар беқиёс куч ва имкониятларга эга эканини исботлади”.
Дарҳақиқат, ҳинд халқининг улуғ намояндаси ўз умри ва сиёсий фаолияти давомида не-не синов ва машаққатларга дуч келганини дунё афкор оммаси яхши билади. Ана шундай қийинчиликларга қарамасдан, у эътиқоди ва танлаган йўлидан ортга қайтмади. Ўз халқига, унинг олижаноб фазилатларига, Ҳиндистоннинг ёруғ келажагига бўлган қатъий ишонч унга энг оғир ва мушкул вазиятларда ҳам куч-қувват бахш этди.
“Маҳатма Ганди том маънода халқ йўлбошчиси эди, – дея таъкидлайди давлатимиз раҳбари. – У ёшлигидан бошлаб то умрининг охиригача халқ хизматида бўлишни бутун ҳаётининг маъно-мазмуни, ўзи учун юксак шараф деб билди. Ўзи қуйи табақага мансуб бўлгани учун эл-улуснинг орзу-армонлари, дарду ташвишлари унга ниҳоятда яқин эди. Бепоён Ҳиндистонни бошдан-оёқ пою пиёда кезиб чиққан Маҳатма Ганди миллионлаб одамлар, аввало, мискин ва йўқсиллар, бева-бечора ва ногиронларнинг дардига малҳам бўлишга интилди. Нафақат ўз юрти, балки жаҳон миқёсида улкан обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлганига қарамасдан, ҳамиша камтар ва камсуқум умр кечирди”.
Ушбу сермазмун китоб жаҳон тарихидан муносиб ўрин олган улуғ мутафаккирнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ҳаққоний акс эттириши билан бир қаторда, ўқувчиларни ҳинд халқи, унинг қадимий тарихи ва бой маданияти билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.