Бухоронинг мард ўғлони юртнинг, ота-онасининг ишончини оқлади
“Қувонч кўз ёшларини яширма. Халқнинг ишончини оқлаш, Президентимиз яратиб берган шароитларга жавобан юксак ғалабаларни қўлга киритиш улкан бахт. Агар шундай қила олсанг, йиғла!”.
Чемпионнинг онаси Париж сафарига отланган ўғли Абдумаликка шундай сўзларни айтганди.
Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган XXXIII ёзги олимпиада ўйинларида кўҳна ва боқий Бухорода туғилиб ўсган Абдумалик Халоков бокс бўйича -57 килограмм вазн тоифасида ғолиб чиқиб, биринчи бор олимпиада чемпиони деган номга сазовор бўлди. Абдумалик ушбу ғалабаси билан Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига еттинчи олтин медални олиб берди.
Финалолди баҳсда Халоков австралиялик Чарли Сеньорга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва олтин медаль учун жанг қилиш имкониятига эга бўлди.
Абдумалик Халоковнинг мусобақа финалида қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек Улу билан ўтказган учрашувини кўҳна ва боқий Бухоронинг “Пойи Калон” мажмуасида ўрнатилган катта экранда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари, Абдумалик Халоковнинг ота-онаси, маҳалладошлари, яқинлари юзлаб бокс мухлислари бирга томоша қилди. Бухоронинг мард ўғлони Абдумаликнинг ғалабасини биргаликда нишонлашди. Умуман, ушбу тарихий ғалабани бутун Ўзбекистон аҳли катта шодиёна билан кутиб олди.
Абдумалик Халоков 2000 йил 9 апрель куни Бухоро вилоятида туғилган. 2018 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. “Буэнос-Айрес-2018” ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони. Боксчимиз ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатида ҳам ғалаба қозонган. 2021 йил Сербия пойтахтида ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -60 кг вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлган. 2021 йил Дубайда ўтган қитъа биринчилигида бронза, 2022 йил Амман шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионатида эса олтин медалга эга чиққан. 2023 йил Тошкент мезбонлик қилган дунё биринчилигида -57 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. 2023 йил мамлакатимизда йилнинг энг яхши эркак спортчиси деб топилган. Кўрсатган натижалари эвазига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
“Ханчжоу-2022” ёзги Осиё ўйинларида -57 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, “Париж-2024” лицензиатлари сафидан жой олди.
–Ўғлимнинг ғалаба қозонишига ишонгандим, –дейди унинг отаси. –У жуда ҳам қаттиқ меҳнат қилди. Унга давлат раҳбари томонидан яратиб берилган шароитлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Менинг ўғлим олимпиада чемпиони, фахрланмай бўладими?!
[gallery-18676]
Абдумалик Халоков бокс бўйича Ўзбекистон дунёда тенгсиз эканини яна бир карра исботлади.
Бугун кўҳна ва боқий Бухоронинг ҳар бир маҳалласида, ҳар бир хонадонида Абдумалик сингари боксчи бўламан деган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Унга ҳавас билан боқадиган, “Менинг ҳам фарзандим Абдумаликдек олимпиада чемпиони бўлсин” деб ният қиладиган ота-оналар жуда ҳам кўп. Бугун Бухоронинг ҳар бир маҳалласида, ҳар бир хонадонида шодиёна. Бухоронинг мард ўғлони Абдумаликка, бутун бухороликларга олтин медаль муборак бўлсин, деймиз.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари