Бухорода “Йил аёли” аниқланди
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот, муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари учун эълон қилинган “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танловнинг қуйи босқичида шаҳар ва туманлардан жами 300 дан ортиқ аёл ўз имкониятини синовдан ўтказди. Вилоят босқичига ўтган талабгорлар ишлари 11 та номинация бўйича танлов ҳайъат комиссияси томонидан ўрганилди.
Низом шартига мувофиқ, танловда 35 ёшдан юқори бўлган, ўз йўналиши ва мутахассислигида камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, қолаверса, уй бекалари иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш, иқтисодий имкониятини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишларида қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.
Эътироф қилинганидек, айни кунда вилоятда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар 335 мингдан зиёдни ташкил этади. Уларнинг 180 мингга яқини давлат ташкилотларида, 34 минг нафари эса нодавлат ташкилотларда, 121 минг 600 нафари хусусий секторларда фаолият юритмоқда. Хотин-қизларни жамият ҳаётида фаоллигини ошириш мақсадида 2019-2023 йилларда 4 мингдан ортиқ аёл раҳбарлик лавозимларига тайинланган.
Ҳайъат қарорига кўра, нуфузли миллий танловнинг 11 та номинация бўйича вилоят босқичи ғолиблари эълон қилинди. Жумладан, танловнинг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ғоялар ташаббускори” номинациясида Бухоро муҳандислик технологияси институти ректори, доцент Садоқат Сиддиқова, “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинациясида Бухоро давлат педагогика институти профессори, филология фанлари номзоди Нигора Сафарова, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинациясида Шофиркон тумани ИИБ катта инспектори Гули Очилова, “Йилнинг энг жонкуяр устози” номинациясида Ғиждувон тумани 21-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Лайло Каримова, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” номинациясида Пешку тумани “Чеқирчи” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Вазира Умедова ғолиб бўлди.
Худди шундай, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинациясида Қоракўл тумани “Мирзақалъа” маҳалла фуқаролар йиғинидан тадбиркор Зулфизар Тўраева, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” номинациясида Ромитан тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Ражабова, “Йилнинг энг яхши уй бекаси” номинациясида Когон шаҳар “Мустақиллик” МФЙ дан Вазира Садиқова, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинациясида АТ “Халқ банки” Шофиркон туман бўлими бошлиғининг ўринбосари Ҳилола Холова, “Йилнинг энг яхши ИТ-дастурчи аёли” номинациясида Жондор тумани “PIXEL STAR” МЧЖ дизайнери Маҳбуба Болтаева, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинациясида республика Маънавият ва маърифат маркази Олот тумани бўлинмаси бош мутахассиси Диловар Жўраева ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-20509]
Ғолибларга вилоят ҳокимлиги ва ташкилотчиларнинг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари