Бухорода янги газ кони очилди
Бугунги кунда бир қатор истиқболли майдонларда нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Геология-қидирув ишлари натижасида Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида “Янги Алат” – янги газ конденсат кони очишга муваффақ бўлинди.
Жорий йилнинг 31 май куни мутахассислар томонидан “Янги Алат” конидаги 1-сонли излов қудуғида бурғилаш ишлари бошланиб, қудуқ 2 минг 344 метр чуқурликкача бурғилаб тугатилди.
“Янги Алат” конига қарашли 1-сонли қудуқнинг 2 минг 342-2 минг 283 метр оралиғида фильтр орқали синаш ишлари ўтказилди. Маҳсулдор қатламдан саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсат маҳсулотлари олинди ва янги газ кони очилди.

Тадқиқотлар қудуқдан кунлик 800 минг куб метр табиий газ ва 15 тоннадан ортиқ газ конденсати маҳсулоти чиқаётганини тасдиқлади.
Таъкидлаш жоизки, “Янги Алат” кони 2021 йилда мутахассислар томонидан 3Д сейсмик маълумотларни қайта ишлаш натижасида аниқланди. Унга кўра, янги қудуқни бурғилаш учун Давлат геология қўмитаси томонидан майдоннинг паспорт маълумотлари тайёрланган.
Коннинг истиқболли майдони 7,5 кв.км., С3 тоифали ресурслари 2,2 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 70 минг тонна газ конденсатини ташкил қилади. Ушбу кон “Ғарбий Тегирмон” ва “Тегирмон” конлари атрофида жойлашган.
Ҳозирда “Янги Алат” конининг 1-сонли қудуғида маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва бошқа кон-геологик параметрларини аниқлаш, унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Йил якунига қадар, янги конда 2022 йилга мўлжалланган углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида навбатдаги 2-3 излов қудуғини бурғилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА