Бухорода “Ватан манзумаси” (+видео)
Бухорода “Ватан манзумаси” деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда турли соҳа вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва ёшлар қатнашди.
Тадбир Ички ишлар, Мудофаа, Маданият вазирликлари, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда марҳум ва замондош шоирларнинг ватан, халқ, она каби мавзулардаги шеърлари ёш ижодкорлар томонидан ўқиб эшиттирилди. Халқ таниган шоирлар эса ўз шеърларини томошабинлар эътиборига ҳавола қилди. Санъаткорлар ўз навбатида юрт мавзусидаги куй-қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этди.
Мамлакатимиздаги тинч ва осойишта, хавф-хатардан холи ҳаёт, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тўкислик ва фаровонлик, оқибат, ўзаро меҳр ва мурувват муҳити олий қадрият экани ёрқин ва бетакрор мусиқий дастур орқали яна бир карра ўз ифодасини топди.
[gallery-17520]
–Бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир менда жуда катта таасурот қолдирди, –дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили Абира Хусейнова. –Аввало, ушбу мусиқали композицион дастур ғояси ва сценарийси жуда чуқур ўйланган ва моҳирона саҳналаштирилган. Ушбу дастурнинг Ватанимиз мадҳиясига бағишланган кириш қисмиданоқ “Ватан” сўзи шундай янградики, у қалбларнинг туб-тубига етиб бориб, ҳар бир инсонда қон-қонида бўлган Ватан туйғусини уйғотиб, шу азиз Ўзбекистон фарзанди эканлигидан фахр ҳиссини туйишга имкон берди. Бугунги кунда халқ хизматида, Ватан тараққиёти учун тинимсиз меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг бир гуруҳини саҳнага чиқариб, ёшларга ибрат қилиб кўрсатилгани ва улар қаторида бор бўлганим менга катта куч бағишлади. Ватаним учун, халқим учун янада кўпроқ ишлашга истагим ошди. Дастурдаги ҳарбий қизлар сиймосининг гавдаланиши, уларнинг ҳам вафоли ёр, ҳам Ватаннинг гўзал посбонлари сифатидаги образи, айниқса, бугунги кунда айрим ўз йўлини тополмай аросатда юрган хотин-қизлар учун ибрат мактаби бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ватанимиз тинчлиги, халқимизнинг осуда ҳаёти учун ўз жонини фидо қилган аскарларимизнинг фарзандлари чиқишларида кўзларимга ёш келди. Отасининг дийдорига тўймаган, отасини фақат расмию, бобо-бувиси ва онасининг ҳикояларидан билиб олган бу қоракўзлар ҳам оталари изидан бориб, Ватан хизматига шайлангани, уларнинг ўз оталари билан фахрланиб айтган сўзлари ёшларда ватанпарварлик туйғуларининг мустаҳкамланишига ўзига хос омил бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, бу гўзал Ўзбекистон, бу она диёр тинчлиги учун қанчадан-қанча мард ўғлонларимиз ўз жонларини фидо қилганликларини, улар гўдакларини етим қилиб, бошқа болаларни етимлик балосидан асраганликларини ёшларимиз билиши керак. Акс ҳолда тинчлик қадрини билмайдиган, Ватан ҳимояси нима эканлигини англамайдиган авлодга эга бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Хулоса шуки, бундай тадбирларни барча ёшлар кўриши керак, олий ўқув юртлари, мактабларда, шунингдек, маҳалларда уюшмаган ёшлар учун кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта интернет тармоғига ҳам жойлаштирилиши керак деган фикрдаман.
Тадбирни Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан куйланган “Миллат учун, Ватан учун!” қўшиғи якунлаб берди.
Бундай тадбирлар Ватан посбонларининг, ёшларнинг маънавий-маърифий ҳамда ҳарбий-жанговар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/InMupYHIPIc" title="Buxoroda “Vatan manzumasi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари