Бухорода умумхалқ хайрия ҳашари
Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан эрта тонгдан “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди.
Ҳашар давомида вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғини, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, болалар майдончалари тартибга келтирилмоқда. Жойларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари янада фаол олиб борилмоқда.
Асосий мақсад маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ва бошқа жойларни ободонлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдир.
[gallery-18885]
–Ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатилади, –дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова. –Жумладан, вилоятдаги кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Шунингдек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ногиронлар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.
–Ҳашар, аввало, инсон қалбидан бошланадиган, унга эзгулик, меҳр- муҳаббат уруғини қадайдиган халқимизга хос қадриятдир, – дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодир Маъмуров. – Шу боис ҳам бугун эрта тонгдан институт жамоаси ҳамда кўнгилли талаба-ёшлар билим маскани ҳудудини, қабристонларни тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш ва дарахтларга шакл бериш ишларига киришиб кетди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашарда талаба-ёшлар ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфият билан қатнашмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.