Бухорода учта бозор раҳбари ишдан олинди
Бухоро вилояти ҳокимлигида бозорларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишлаб йиғилиш ўтказилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқарган тадбирда таъкидланганидек, бозор ва савдо марказларида дўконлар зич жойлашиши, уларда кўп миқдорда товар, моддий бойликлар бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бу ўз навбатида мазкур объектларнинг ёнғин хавфини оширади. Шу сабабдан ҳам бозорларда хавфсизлик талабларига риоя қилиш долзарб масала ҳисобланади. Хўш, вилоятдаги бозорлар бундай нохуш ҳолатлардан йироқми? Уларда ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этиляптими?
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан бозорлар, у ердаги савдо дўконларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилганда жуда кўп камчиликлар борлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича аввал ҳам бозорлар раҳбарларига, тадбиркорларга тегишли огоҳлантириш хатлари берилган. Аммо натижа қандай бўляпти?

– Афсуски, вилоят ҳудудидаги бозорларда бу борада йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилмаяпти, – дейди йиғилишда сўзга чиққан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Абдураззоқ Абдухолиқов. – Тадбиркорларнинг бозор ёки бозор атрофида ноқонуний қурилишларни амалга ошириши, савдо объектларини қуриш ёки жиҳозлашда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслиги каби ҳолатлар борки, бу нафақат ўша фуқаронинг ўз ҳаёти ва мол-мулки, балки атрофдагилар учун ҳам хавф туғдиради. Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, бозор ва савдо расталарида содир бўлаётган ёнғинларнинг аксариятига электр сим ва кабелларнинг талаблар асосида монтаж қилинмагани, электр жиҳозларининг назоратсиз қолдирилиши сабаб бўлмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, содир бўлган ёнғинларни ўчириш учун кўп миқдорда сув талаб этилади. Шу боис, бозорлар ҳудудида сув сақлаш сиғимлари барпо этилган бўлиши лозим. Аммо бугун айрим бозорлар ҳудудида бундай ҳовузлар қурилмаган, борлари ҳам тўлдирилмаган ёки аллақачон яроқсиз ҳолга келиб қолган. Оддийгина камчиликни ўз вақтида бартараф этмаслик эса оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар.
Шунингдек, йиғилиш давомида бозорларда учрайдиган ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ яна кўплаб камчиликлар санаб ўтилди.
Бозорларда санитария-эпидемиологик ҳолатларни барқарор сақлаш ҳам ҳамиша долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги бу борада энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Шунингдек, бозорларда сотувчиларнинг ҳам мавжуд талабларга риоя қилиши санитария ҳолатини сақлашда асосий омиллардандир.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Миржамол Миралимов айни шу масалар хусусида сўз юритди.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ҳамда ветеринария ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудидаги деҳқон бозорларида, бошқа савдо объектлари ва ярмаркаларида профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилган.
Ўтказилган профилактик-назорат тадбирлари давомида 239 нафар ветеринария, санитария-қоидалари ва нормаларини бузган фуқаролар аниқланиб, уларнинг 56 нафарига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Олиб борилган тадбирлар давомида истеъмолга яроқсиз, номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланиб, савдодан олиб қўйилган ва тегишли тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилган.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бозорларда бу борада тегишли ташкилотлар, айниқса, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси томонидан назорат ишлари етарли эмаслиги, зарур чора-тадбирлар лозим даражада олиб борилмаётганлиги хусусида тўхталди. Шундан келиб чиқиб, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаев фаолиятига танқидий баҳо берилди. Унга мавжуд камчиликларни бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, санитария аҳволи, сотувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини турли жой ва шароитларда савдо қилиш, сотувчи ва харидорларга шарт-шароитлар яратиб бериш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлиги, шунингдек, фаолиятидаги қатор камчиликлари учун “Қоракўл деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Аскар Файзиев, “Пешку-Навоий деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Халил Обидов, “Соҳибкор деҳкон бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Толиб Қудратов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бозорлар фаолиятини мувофиқлаштиришдаги сусткашлиги учун вилоят бозорлар ва савдо комплекслар уюшмаси раҳбари Ўлмас Хидировга, “Галаосиё деҳқонобод” масъулияти чекланган жамияти раиси Муроджон Рўзиевга, “Шофиркон деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Мақсуд Воҳидовга “ҳайфсан” эълон қилинди. Шунингдек, туман-шаҳар ҳокимликлари масъул ходимлари йўл қўйган камчиликлари бўйича қатъий огоҳлантирилди.
Зариф Комилов, ЎзА