Бухорода Туркман гилами байрами
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳрида “SD-TURKMEN HALY” қўшма корхонасида Туркман гилами байрами ўтказилди.
Маълумки, гилам туркман халқининг миллий бренди, фахри ва ифтихори саналади. Шу боис, ҳар йили май ойининг сўнгги дам олиш куни Туркманистонда Гилам байрами нишонланади.
Қайд этиш керак, табиий хомашёдан инсон қўл меҳнати эвазига яратиладиган туркман гиламлари ўзининг рангдорлиги, нақшлар уйғунлиги билан дунёга машҳур. Шу боис унга олам гўзаллигини ўзида мужассам этган ва инсон меҳнати билан яратилган мўъжиза, дея таъриф беришади. Ўзаро дўстлик ва биродарлик ришталари азалдан мустаҳкам бўлган ўзбек – туркман халқлари ўртасидаги яқин қўшничилик алоқалари ушбу йўналишда ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. “SD-TURKMEN HALY” туркман гиламларини тўқишга иxтисослашган қўшма корхона фаолияти ҳам ушбу ҳамкорлик самараларидан.
[gallery-17633]
Қўшма корхонада айни пайтда 100 дан зиёд бухоролик хотин-қиз туркман мутахассисларидан гилам тўқиш сирларини ўрганмоқда. Корхона қошида туркман гиламлари тарихи, қўшни халқнинг урф-одат ва анъаналаридан батафсил маълумот берувчи кўргазма павильони ҳам ташкил этилган. Бу маскан айни кунда қадим Бухоронинг сайёҳлик йўналишларидан бирига айланган.
Байрам тадбирида иштирок этган маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар гилам тўқиш жараёни, туркман халқининг тарихи ва миллий удумлари билан ҳам танишиш имконига эга бўлди. Ўзбек ва туркман тилларида янграган куй ва қўшиқлар байрамга ўзгача кўтаринки кайфият бахш этди.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА