Бухорода туризм жадал ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда туризм соҳасида қабул қилинган бир қатор меъёрий ҳужжатлар ва уларда белгиланган кенг имкониятлар туфайли мамлакатимизда, хусусан, Бухорода туризм соҳаси жадал ривожланмоқда.
Ўтган 2023 йил давомида вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун 75 та янги катта-кичик жойлаштириш воситаси фаолияти қўйилди. Жумладан, 19 та меҳмонхона, 12 та хостел, 44 та оилавий меҳмон уйи ташкил қилинди. Туристик ташкилотлар сони эса 119 тадан 142 тага етказилди.
Ўтган 2023 йилда вилоятга 1 миллион 387 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар орқали туризм хизматлари экспорти 339,1 миллион АҚШ долларига етказилди. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан вилоятга 3 миллион 490 минг нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди.
2023 йилда туризм ва унга ёндош соҳаларда 25 минг 149 нафар янги иш ўрни яратилган.
[gallery-15848]
Сайёҳлар вақтини мазмунли ташкил қилиш ва ҳудудда бўлиш муддатини узайтириш мақсадида ҳар йили “Ипак ва зираворлар”, “Заргарлик ва зардўзлик фестивали, “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” каби фестиваль, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ички ва ташқи сайёҳлик тармоғини янада ривожлантириш мақсадида “Арк” қўрғонининг 100 йил аввал вайрон қилинган қисмида “Археологик парк” ташкил этилди.
Айни пайтда Бухоро вилоятида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадиган 200 дан ортиқ туризм намойиш объекти мавжуд бўлиб, улар туристик маршрутларга киритилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА