Бухорода тонг ўзгача нур таратди
Бугун Бухорода тонг ўзгача нур таратди. Аҳолининг барча вакиллари ўзларига маълум қилинган сайлов участкалари томон келажак равнақи учун бел боғлаган номзодларга овоз беришга ошиқди. Бугун мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган сайлов кунида бухороликлар ҳам фаол иштирок этишни мақсад қилишган.
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги 49-сайлов участкасига биринчилардан келиб овоз берди. Сайлов иштирокчиларини ҳамда сайлов участкасида фаолият олиб бораётган барча мутасаддиларни тарихий кун билан қутлаб, юрт равнақи йўлида уларга куч-қувват тилади.
Сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Комиссия аъзолари ўзларининг вазифаларига киришди. Овоз бериш жараёни аҳолининг фаол иштироки билан бошланди. Участкада рўйхатга олинган овоз берувчилар бирин-кетин ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб овоз бермоқда.
– 49-сайлов участкасида “Фурқат”, “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинидан 1 минг 928 нафар овоз берувчилар рўйхатга олинган. Ҳудудимиздаги 106 нафардан ортиқ овоз берувчилар муддатидан олдин овоз берди. Аҳолимиз фаоллик билан ўзининг келажаги учун овоз бермоқда, – дейди участка комиссияси раиси ўринбосари Суҳроб Имомов.
[gallery-20017]
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари.