Бухорода тиббиёт йўналишида илғор тажрибалар алмашилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухорода «Абу Али ибн Сино: замонавий тиббиёт ва халқ табобати – инновациялар ва инвестициялар» мавзусида XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари ўтказилди.
Нуфузли халқаро анжуман буюк аллома Абу Али ибн Синонинг илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг илғор ғояларини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштириш, халқ табобати ва интегратив тиббиётнинг замонавий имкониятларини муҳокама қилишга бағишланди.
Гибрид форматда ташкил этилган тадбирда хорижий ва маҳаллий мутахассислар онлайн ҳамда офлайн тарзда иштирок этди.
Халқаро Ибн Сино ўқишларида алломанинг илмий, тиббий ва маънавий меросини замонавий илм-фан нуқтаи назаридан тадқиқ этиш, замонавий тиббиёт билан халқ табобати ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага инновацион технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқот ва лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тиббий тажрибаларни оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-30932]
Илмий маърузаларда Абу Али ибн Сино асарлари ва қўлёзмаларини замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш, профилактик тиббиёт, узоқ умр кўриш, шунингдек, алломанинг юрак ва қон айланиши тизимига оид қарашларининг замонавий кардиология ва фармацевтикадаги аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқ табобати ва интегратив тиббиёт, фитотерапия, Шарқ табобати усулларини замонавий клиник амалиёт билан уйғунлаштириш, касалликларнинг олдини олишда мизожий ёндашувлардан фойдаланиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Халқаро анжуман доирасида хорижий илмий марказлар ва етакчи университетлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро англашув меморандумларини имзолаш, қўшма илмий тадқиқот ва экспедицияларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Хитой, Жанубий Корея, Покистон ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари иштирокида игнатерапия, мануал терапия, бўғим касалликларини даволаш ва нуқтали ип имплантацияси йўналишларида маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Анжуманда Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Индонезия, Эрон, Туркия, Италия, Россия, Покистон, Тожикистон ва Қирғизистондан академиклар, олимлар, экспертлар ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида илмий маърузалар, панел муҳокамалари, амалий машғулотлар ва тақдимотлар ўтказилиб, тиббиётнинг замонавий йўналишлари бўйича илғор тажрибалар алмашилди.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА