Бухорода талабаларнинг мақом ансамбли ташкил этилди
Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Асрлар давомида улуғ шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати ва фидоийлиги, ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат юртимиз ва шарқ мамлакатларида, балки дунё миқёсида катта шуҳрат ва эътибор қозонган. Мақом санъатининг гултожи бўлган «Шашмақом» ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ҳамда унинг Репрезентатив рўйхатига киритилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Бухоро давлат университетида "Бухоро гавҳари" мақом фестивали ташкил қилинди. Унда мақомчилар жамоалари томонидан “Насри сегоҳ”, “Қашғарчаи Мўғулчаи фиғон”, “Бузрук” мақомидан “Талқини Каримқулбеги”, “Дугоҳ” мақомидан “Дугоҳ суворийси” ҳамда “Дугоҳ уфорийси” мусиқий асарларининг ижроси мухлису мутахассислар олқишига сабаб бўлди.
— Давлат раҳбарининг Ёшлар форумида таъкидлаганидек, 2022 йилда Бухорода ёшлар ўртасида мақом кўрик-танловини ўтказиш тўғрисидаги фикрларига таянган ҳолда мақом жамоасини ташкил қилдик, – дейди Бухоро давлат университети Санъатшунослик факультети декани Б. Мадримов. — Вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси билан яқин ҳамкорликда ўз репертуаримиз устида ишлашни бошладик. Бундан мақсад эса Бухоро шашмақомини халқаро миқёсида дунёга тараннум этишга ўз ҳиссамизни қўшиш. Миллатимизнинг бой маданий ва номоддий меросини келгуси авлодга бус-бутун етказиш, унинг халқаро тоифадаги мавқеини янада ошириш, айниқса, ёш авлод кўнглида миллий мусиқа маданиятига бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат.
Зариф Комилов,
ЎзА