Бухорода OʼzLiDePнинг боғи ташкил этилди
«Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан «Яшил макон» лойиҳаси доирасида «Долзарб 40 кунлик» акцияси ўтказилди. Акцияда партиянинг вилоят Кенгаши раиси бошчилигидаги ходимлар, депутатлар, партия фаоллари ва ёшлар қатнашди.
Акция доирасида фаоллар 300 тадан ортиқ манзарали дарахтлар ўтқазилди. OʼzLiDePнинг боғи ташкил этилди.


– Мажмуадан партиямиз учун махсус жой ажратилган бўлиб, жамоамиз билан биргаликда мазкур ҳудудда «Партия боғини» ташкил этишни мақсад қилганмиз, – дейди вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов.
– Бугун илк қадамларни ташладик. Ҳозирча манзарали дарахтлар эккан бўлсак, мавсум бошланиши билан мевали дарахт ниҳолларини ҳам ерга қадаймиз.


Уларни доимий равишда парваришлаш ва суғориш ишлари учун ҳам масъул белгилаганмиз. Зеро, мақсад фақат акцияда фаол иштирок этиш эмас, балки боғ барпо этиш ва бу орқали юртимиз ободлигига ҳисса қўшишдир.
Бу каби ниҳол экиш ишлари партия ходимлари, депутатлар ва фаоллар томонидан изчил равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА