Бухорода Осиё хотин-қизларининг II форуми
Бухоро шаҳрида “Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги Осиё хотин-қизларининг II форуми ўз ишини бошлади.
Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан юқори мартабали иштирокчилар, жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, халқаро молия институтлари, Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукумат вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этмоқда.
Шунингдек, форумда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи аёллар, ишбилармон доиралар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар ҳамда турли иқтисодиёт тармоқлари вакиллари, қарийб 250 киши қатнашмоқда.
[gallery-29389]
Ўзбекистон Республикаси Президенти форум иштирокчиларига табрик йўллади. Форумнинг очилиш маросимида Президент табригини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди.
Ўтказилаётган форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусининг амалий натижасидир.Маълумки, Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Эндиликда бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида муҳим қадам ташлангани қайд этилди.
Сўзга чиққанлар бугун ҳеч бир давлат хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтирмасдан туриб барқарор тараққиётга эриша олмаслигини таъкидлади. Шу боис мазкур платформа нафақат мулоқот, балки умумий ёндашувлар, амалий ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни шакллантириш майдонига айланиши лозим.
Бу майдон глобал таҳдидларга қарши курашишда аёллар бирдамлигининг ёрқин ифодасидир. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, тенгсизлик ва турли камситишларга қарши самарали ечимларга фақат хотин-қизларнинг ўзларининг фаол иштироки орқалигина эришиш мумкин.
Шунинг учун ҳам турли соҳаларнинг фаол аёлларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кенгайтириш бугунги долзарб вазифалардан биридир.
Жумладан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлар ва қарор қабул қилиш тизимидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани, бугунги кунда Ўзбекистон парламентда аёллар улуши бўйича дунёда 35-ўринни эгаллаётгани қайд этилди.
Хотин-қизларнинг таълим, илм-фан, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугун олий таълим соҳасида қизлар улуши 53 фоизга, магистратурада эса 65 фоизга етган. Олимлар орасида хотин-қизлар улуши 60 фоизни ташкил этаётгани ҳам қайд этилди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва бандлик соҳаларидаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар натижасида сўнгги ўн йилда аёл тадбиркорлар сони 3,7 баробарга ошиб, 274 мингдан ортган.
Форум Осиё мамлакатлари ўртасида илғор тажрибалар алмашиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик ва амалий механизмларни такомиллаштириш, таълим, тадбиркорлик, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма дастурларни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Форум ўз ишини параллел сессиялар доирасида давом эттирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари