Бухорода JICA филиали очилади
Бугунги глобаллашув даврида халқаро ҳамкорлик ҳар қандай олий таълим муассасасининг тараққиёт мезонига айланиб бормоқда. Айниқса, илм-фан, инновация ва юқори технологиялар соҳасида дунёда етакчи ўринларни эгаллаб келаётган Япония билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар бир университет учун улкан имкониятлар манбаи ҳисобланади. Шу маънода Бухоро давлат техника университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга бағишланган учрашув муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ташқи алоқалар департаменти раҳбари, Ўзбекистон–Япония маркази ҳамраиси Алишер Пайғомов, Ўзбекистон–Япония маркази миллий координатори Улуғбек Аъзамов, Ўзбекистон–Япония маркази ҳамраиси Ҳироо Ивазаки ҳамда JICA вакили, марказ координатори Ҳеизо
Накамуралар иштирок этишди.
Меҳмонлар университет ректори Садоқат Сиддиқова билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Суҳбат давомида олий таълим тизимида тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва академик мобиллик дастурларини кенгайтириш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Алоҳида таъкидланганидек, Япониянинг илғор таълим технологиялари ва инновацион ёндашувларини университет фаолиятига жорий этиш ёш мутахассисларни халқаро талаблар даражасида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса талабалар учун нафақат замонавий билим олиш, балки дунё миқёсида рақобатбардош кадр сифатида шаклланиш имкониятини ҳам яратади.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг халқаро алмашинув дастурларида иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида университетда JICA Бухоро филиалини ташкил этиш бўйича амалий ишларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди. Бу ташаббус келгусида Бухоро давлат техника университетининг халқаро нуфузини янада ошириш, талабалар учун янги таълим ва амалиёт имкониятларини яратиш ҳамда Япониянинг замонавий тажрибаларини ҳудудга кенг жорий этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда илм-фан ва инновациялар тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланган бир пайтда бундай ҳамкорликлар мамлакатимиз таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир. Зеро, халқаро тажриба ва илғор технологияларни ўзлаштирган ёшлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги тараққиётини белгилайдиган асосий куч ҳисобланади.
Бухоро давлат техника университетида бўлиб ўтган мазкур учрашув оддий дипломатик мулоқот эмас, балки илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасида янги истиқболлар сари ташланган муҳим қадам бўлди. Япония каби тараққий этган давлат билан ҳамкорликнинг кенгайиши университет талабалари ва олимлари учун янги уфқларни очиб, Бухоронинг халқаро таълим майдонида янада мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади. Бу ҳамкорликнинг самаралари келажакда минглаб ёшларнинг тақдирида, уларнинг билим ва ютуқларида ўз ифодасини топиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири