Бухорода инновация ва инклюзив таълим имкониятлари кенгаймоқда
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Бухоро давлат техника университетида бўлиб, университет ҳузурида фаолият юритаётган Хотин-қизлар ва ёшлар учун IТ ҳамда муҳандислик инклюзив таълим маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур марказда яратилган замонавий шарт-шароитлар, инновацион ёндашувлар ва ёшлар томонидан амалга оширилаётган илғор лойиҳалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Марказнинг асосий фаолият йўналишлари — инклюзив таълим, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва стартап экотизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган кенг имкониятлар, замонавий IТ инфратузилмаси ва инновацион муҳит юқори баҳоланди.

Марказда талабалар томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллектга асосланган дастурий ечимлар ва амалий стартап лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, “VoiceUP” овозли бошқарув тизими, “Рақамли мактаб” таълим платформаси, “Safar Line” туризм соҳасига мўлжалланган рақамли ечим ҳамда “LoadBoard” логистика платформаси каби лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу платформаларнинг аксарияти таълим, хизмат кўрсатиш ва бизнес жараёнларини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, талабалар бандлигини мониторинг қилиш тизими, электрон кутубхона, талабалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи рақамли назорат дастурлари ҳам намойиш этилди. Бу эса университетда рақамли бошқарув ва замонавий таълим муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Ташриф давомида робототехника ва IТ интеграцияси, VR ва 3D моделлаштириш, медиа ишлаб чиқариш ҳамда сунъий интеллект орқали хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган лабораториялар фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Мазкур лабораториялар ёшларнинг амалий кўникмаларини ошириш, инновацион фикрлашини ривожлантириш ва замонавий касбларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ёш инноваторлар ва стартап жамоалар билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди.

Суҳбат давомида талабалар ўз ғоялари, илмий ишланмалари ва келгусида амалга оширишни режалаштираётган лойиҳалари ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири