Бухорода инновацион ғоялар ҳафталиги
Бухорода “Креатив таълим ва инновация – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остидаги “InnoWeek-2023”инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди.
Ҳафталик доирасида республика ва маҳаллий оммавий воситалари ходимлари учун матбуот анжумани уюштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азамат Наимов ҳафталик ҳақида маълумот берди.
Мазкур ҳафталикнинг бош мақсади – хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги инновацион ривожланиш соҳасидаги устувор вазифалар тўғрисида фикр алмашишдан иборат.
Бу йилги “Креатив таълим ва инновациялар – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остида ташкил қилинаётган ҳафталик “Ёшлар”, “Стартаплар”, “Илм-фан ва тижоратлаштириш” ва “Креатив таълим” йўналишларида ташкил қилинмоқда. Ҳафталик нафақат Тошкент шаҳрида, балки республиканинг барча ҳудудларида ўтказилаётгани билан эътиборлидир.
Ҳафталикка вилоятнинг 100 дан зиёд йирик корхона, ҳудуднинг илғор кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари, олий таълим, фан ва инновациялар соҳаси бўйича маҳаллий экспертлар ҳамда Россия Федерацияси, Япония, АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлардан хорижий экспертлар жалб этилган.
Бир ҳафта давомида Бухоро вилоятининг ҳар бир олий таълим муассасасида “InnoWeek-2023” инновацион маҳсулотлар ва ишланмалар кўргазмаси ўтказилиб, “Илм-фан ва тижоратлаштириш лойиҳалари”, “Стартап лойиҳалар”, “Креатив таълим” ва олий таълим муассасалари стендларида 50 дан зиёд инновацион маҳсулот ва илмий ишланма намойиш этилади.
“Ideaton Uzbekistan-2030” танлови доирасида ҳудудларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларининг ечимига қаратилган ғоялар алмашинуви ҳамда лойиҳалар кўриб чиқилади.
[gallery-14087]
Ҳафталик доирасида Бухоро давлат университетида олий таълим муассасаси ҳамда ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган илмий-инновацион маҳсулотлар кўргазмаси ташкил қилинган.
Бундан ташқари, олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ҳамда ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш мақсадида лойиҳа раҳбарлари томонидан янги лойиҳалар ва ишланмалар тақдимоти бўлиб ўтади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари