Бухорода ҳамма иш ёлғон билан бошланмоқдами?
Одамлар нега мутасаддилардан норози бўлишади? Раҳбарларнинг ёлғонларидан тўйиб кетса, мурожаатларига етарлича жавоб олмаса, яхши яшаш учун қилган ҳаракатлари саробга айланаверса...
Бухорода ҳам айни пайтда худди шундай ҳолат — бугун раҳбарлар ва оддий халқ орасида тафоввут бор. Ахир ишонч билдирилган раҳбарларинг ёлғон баёнотлар билан кўзбўямачилик қилиб турса, ким ҳам рози бўларди бундай раҳбарлардан?!
Бухоро вилояти Когон шаҳрида оилавий шифохона қурилаётган эди. Халқнинг оғирини енгил қиладиган бу шифо маскани бундан икки йил олдин, (2019 йил) "Обод маҳалла" Давлат дастури асосида қурилиб фойдаланишга топширилиши керак бўлган. Аммо бу "Обод маҳалла" ҳам "оддий маҳалла" дастуридек ўлда-жўлда бўлиб қолди. Давлат дастури бажарилмаганини, ярим чала ташлаб қўйилишига сабаб нима эканини халқ тушунармиди, буни раҳбарлар тушунади-да... Оддий одамлар Давлат дастурлари ҳеч бир инкорсиз бажарилиши керак, раҳбарлар берган ваъдаларини, албатта, бажаради улар ёлғон гапирмайди, деб ўйлаб юришади-да, ҳали ҳам.
Одамларга тушунтирилгандек бўлинди. "Бу йил улгурмадик, 2020 йилда тугатамиз бу Давлат дастурини", дейишди "галустикли" раҳбарлар. Оддий одамлар нима ҳам дерди. Ахир булар "катта одамлар" бўйинбоғлари ҳам бор, шу халқнинг бошида турибди, бирор нарсани билса керакда, деб ўйлашди-ю, 2020 йилни ҳам умид билан кутишди.
2020 йил ҳам келди, аммо шифохонанинг битишидан дарак бўлмади. Бу орада раҳбарлар учун тақдирнинг ўзи яна бир зўр баҳонани олиб чиқди, пандемия бошланиб қолди. Бу айримларга баҳона, оддий халққа эса ғам ташвиш олиб келди. Оддий халқ "агар шифохонамиз битганида шу ерда даволанардик, сарсон саргардон бўлиб юрмас эдик", дея ўксинди. Аммо мана 2020 йилда ҳам бу шифохона битмади. Аҳоли эса ёлғонлардан, субутсизликдан тўйди. "Балки умидимизни эркин матбуот, ОАВ амалга оширишга ёрдам берар", деган хаёл билан телевидениега, ахборот агентликларига хат ёза бошлади.
Республиканинг бош ахборот агентлигида бир қулоч материал чиқди. Ўзбекистоннинг энг ишонган ахборот манбаси “Ўзбекистон 24” каналида воқеалар танқидий очиб берилди. Халқнинг аҳволи ва битмаётган касалхона кўрсатилди.
Кейин нима бўлди, дерсиз? Бухоролик раҳбарлар ҳам анойи эмас. Бунча ишончли манбаларга "Ишончли муносабатини" билдирди. Қурилиш тез кунда якунига етади, мазмунидаги бир қулоч "РАСМИЙ" тамғаси босилган баёнот бериб юборишди. Тўғрида улардан нима кетди, "овози ўчса бўлди, шу ЎзА билан “Ўзбекистон 24”нинг дейишган кўринади.
Бухородаги мутасадди раҳбарларнинг "ҳамма ишлар жойида, ҳеч бир муаммо йўқ", деган расмий баёнотлари тарқалди.
Аммо бу содда халқ кўриб турибди-да, ҳеч бир иш қилинмаганини...
Йил тугашига эса 10 кун вақт қолди...
Зариф Комилов, ЎзА