Бухорода ғалла ўрими бошланди
Ҳар йилги анъанага мувофиқ ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши олдидан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жам бўлди.
Тадбир аввалида Қуръон тиловат қилиниб, бободеҳқонларга куч-қувват, юртимизда мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик барқарор бўлишини тилаб дуо қилинди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғояларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Айни жараёнда Бухоро вилоятида ҳам замонавий мезонлар асосида буғдой навларини янгилаш, агротехник тадбирлар жараёнига қишлоқ хўжалиги олимларини кенг жалб этиш, фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Шу билан бирга эл-юрт дастурхонини нондек азиз неъмат билан тўкин қилишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ғаллакорлар, мавжуд кластерлар, хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар жамоаларини далалардаги ҳосилни ўриб-янчиш жараёнини фаол ташкил этишга чақирди.

Ҳосилни қисқа фурсатларда нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш мақсадида барча зарур ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилги терим мавсумига жами 185 та комбайн ва 910 та автотранспорт воситалари жалб қилинган. Мавсум давомида комбайн ҳайдовчиларига етарли шароит яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинган. Шундан келиб чиқиб, ўрим-йиғимни 24 соатлик режим асосида амалга ошириш талаби қўйилган.
Маълумот учун, бу йил Бухоро вилоятида жами 77 минг гектар ерда ғалла етиштирилган бўлса, давлат шартнома режаси 162,9 минг тоннани ташкил этади. Шундан 16.1 минг тоннаси — уруғлик дон. Вилоятда бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 3 минг 38 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган давлат шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири