Бухорода баҳолаш имтиҳонлари бошланди
Президент таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини умумтаълим мактабларига жорий қилиш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан Бухоро вилоятида ҳам 28 та умумтаълим мактаби танланиб, уларда янги баҳолаш тизими тажриба-синовдан ўтказилганди.
Жараёнларга 5-11-синф ўқувчилари жалб этилиб, Президент ва ихтисослашган мактаблар “таянч мактаб” сифатида бириктирилди. Мазкур баҳолаш тизимининг амалдагисидан фарқи, у ўқувчининг билимини объектив баҳолаш ҳамда тўғри йўналтиришга замин яратади.

Бир йил мобайнида олиб борилган жараёнлар натижасида ўқувчиларнинг ўзлаштириши сезиларли даражада ошди. Тажриба-синов жараёнлари мобайнида нафақат ўқувчилар ва ўқитувчиларда, балки ота-оналарда ҳам масъуллик ҳисси кузатилди. Бу мактаб ва оиланинг бир мақсад йўлида бирлашишига хизмат қилмоқда.

Жорий ўқув йилида яна 126 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилиб, бундай мактаблар сони 154 тага етказилди. Айни пайтда мазкур мактабларда чораклик сумматив баҳолаш (ЧСБ) имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.