Бухорода аҳолига парранда тарқатилмоқда
Бухоро вилоятида Республика давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ёрдами билан аҳоли хонадонларида чорва моллари ва паррандаларни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 100 бошдан парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйишни ташкил этиш бўйича аниқ режа бор.

– Топшириққа асосан, вилоят туманларида аҳоли талабидан келиб чиқиб, 20,5 минг бош қўй ва эчки, 842 минг бош парранда, 10 минг бош курка, 29 минг бош қуён ва 19,3 минг комплект асалари оилалари етказиб берилмоқда, – дейди Бухоро вилояти “Чорва насл” маркази раҳбари Носир Раҳматов. – Бу ўз ўрнида халқимизнинг ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлашда, оилавий даромади ошишига, ички истеъмол бозорларида чорва маҳсулотларининг ҳажмини кўпайтиришда муҳим.
Айниқса, тухум йўналишидаги паррандаларнинг хонадонларга 100 бошдан (3 ойлик озуқаси билан) тарқатилаётганлиги шу кеча-кундузда ўз самарадорлигини кўрсатмоқда. Ўртача 85-87 донадан кунига тухум олинаётганлиги қарорнинг халқчиллигидан далолат бермоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 6 та йирик паррандачилик хўжалигида аҳоли хонадонларига тарқатиш учун 309 минг бош тухум йўналишидаги 90 кунлик паррандалар боқилди ва режа-график асосида аҳолига тарқатилди.
Ўтган давр мобайнида 2 минг 480 бош наслдор қорамол, 4 минг 70 бош қўй ва эчки, 309 минг бош парранда, 33 минг бош курка, 1,5 минг бош қуён ва мингта асалари оилалари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га кирган фуқароларга етказиб берилган.
– Пешку туманида мингта қора товуқ тарқатдик, – дейди “Тоза парранда маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қаҳрамон Юсупов. – Бугун Ромитан туманидаги тегишли дафтарларга киритилган оилаларга 1 минг 500 та товуқ тарқатишни режалаштирдик. Корхонамизда 45 мингта инкубаторияда қора товуқ боқиляпти. Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан 50 минг дона товуқ тарқатишни режалаштирганмиз. Сотилаётган товуқлар 100 кунлик бўлган. 1 та товуқ 62 минг сўмдан сотилмоқда. 150-160 кунда тухумга киради. Мақсадим аҳолини, айниқса, мактабгача таълим ташкилотларда униб-ўсиб келаётган болажонларни экологик тоза, маҳаллий тухум билан озиқлантириш. Корхонамизда курка, маҳаллий курка, бедана боқиляпти. 20 киши иш билан таъминланган.

– Ҳудудимизда 3 та оила “Темир дафтари”га, 1 нафари эса “Аёллар дафтари”га киритилган, – дейди Ромитан тумани “Аттарон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Суҳроб Ҳусенов. – Уларга зотдор қора товуқлар бепул берилди. Эндиликда улар товуқ боқиш орқали оиласининг даромадини кўтариши ва бандлиги таъминланиши мумкин.
Ромитан туманининг “Тарнаут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Насим Очиловнинг таъкидлашича, ҳудуддаги 4 та “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларга 50 тадан товуқ берилган.
Вилоятда чорвачилик хўжаликларида озуқабоп экинларнинг серҳосил навларини кўпайтириш, йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш ва ҳосилдорликни 1,2 баробарга оширилиши таъминланди. Бундан ташқари ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида 17 минг гектарга маккажўхорининг тез пишар навлари, 10 минг гектар майдонда тариқ ва 11 минг гектар майдонда кунгабоқар экинлари экиш режалаштирилган.

Чорвачилик хўжаликлари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги паррандачилик хўжаликлари билан ғаллачилик фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро келишув асосида шартномалар тузиб, ғалладан бўшаган майдонларда дон экинларни экиш белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА