Бухоро халқаро аэропортида “Tax Free” хизмати йўлга қўйилди
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб юртимизнинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқаролари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш — “Tax Free” тизими расман жорий этилди. Ушбу янгилик туризм салоҳиятини янада ошириш, хорижий меҳмонлар учун қулайлик яратиш ҳамда савдо соҳасида шаффофликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Шу муносабат билан Бухоро халқаро аэропортида ҳам “Tax Free” хизматини кўрсатувчи махсус шохобчанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти ҳамда “Солиқ сервис” унитар корхонаси масъул ходимлари иштирок этди. Янги хизмат орқали хорижий фуқаролар мамлакатимизда харид қилган товарлари учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариб олиш имкониятига эга бўлди.

Маълум қилинишича, “Tax Free” суммасини ҳисоблаш ва уни чет эл фуқаросининг банк пластик картасига ёки ҳисобварағига ўтказиб бериш ишлари тизим оператори — “Солиқ сервис” ДУК томонидан амалга оширилади. Маблағлар товарлар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилган кундан сўнг уч иш кунидан ошмаган муддатда қайтариб берилади.

Қайд этиш жоизки, мазкур тизим илк бор 2023 йил 1 январдан бошлаб Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида тажриба тариқасида жорий этилган эди. Олинган ижобий натижалар асосида бугунги кунда у республика миқёсида кенгайтирилмоқда.

Ушбу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад 2026–2027 йилларда чет эл фуқаролари томонидан амалга ошириладиган харидлар ҳажмини бир неча бараварга ошириш, чакана савдо соҳасида ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, “Tax Free” тизимининг жорий этилиши нафақат хорижий сайёҳлар учун қулайлик яратади, балки мамлакатимиз иқтисодиётига қўшимча туртки бериб, савдо ва хизматлар соҳасининг ривожига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири