Бухоро туманида туризм кластери барпо этилади
Давлатимиз раҳбари Бухорода туризм хизматлари ва сайёҳлар учун янги йўналишларни кўпайтириш масаласига тўхталди. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида уларнинг сонини икки баравар ошириш мақсад қилинган.
Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш кўзда тутилган.
Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.
Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Конгресс-холл ёнида “Hilton” ва “Holiday Inn” брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, саккизта марказий кўча миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида янгиланиб, олтита хиёбон бунёд этилади.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластерини барпо этиш режалаштирилган. Унинг ҳисобига сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4-5 кунгача узайтириш мумкин.
ЎзА