Бухоро шамолидан бунёд бўлган нур
Инсоният тараққиёти тарихига назар ташласак, ҳар бир юксалиш даври ортида катта ғоя, қатъий сиёсий ирода ва келажакни олдиндан кўра билган раҳбарлар турганини кўрамиз. Бугун Янги Ўзбекистонда кечаётган улкан ўзгаришлар ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат иқтисодиётини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу бежиз эмас. Чунки XXI асрда давлатларнинг қудрати нафақат ер ости бойликлари, балки табиат неъматларидан оқилона ва самарали фойдаланиш имконияти билан ҳам баҳоланмоқда. Қуёш ва шамол каби тугамас энергия манбалари эса инсониятнинг энг катта бойлигига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмаяпти. Аксинча, мамлакатимиз бугун Марказий Осиёда “яшил энергетика”ни жадал ривожлантираётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бунинг ёрқин намунасини Бухоро вилоятида амалга оширилаётган улкан шамол энергетикаси лойиҳалари мисолида яққол кўриш мумкин.
Бир вақтлар фақат саҳро ва қум барханлари билан машҳур бўлган Бухоронинг кенг чўллари бугун бутунлай янги қиёфа касб этди. Кеча-ю кундуз шамол эсиб турадиган ҳудудлар энди бебаҳо табиий бойлик — электр энергияси ишлаб чиқараётган стратегик масканга айланди. Бу ерда қад ростлаган юзлаб улкан шамол турбиналари нафақат муҳандислик мўъжизаси, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг рамзи сифатида намоён бўлмоқда.
Саудия Арабистони Қироллигининг “ACWA POWER” компанияси инвестицияси асосида Жонгелди ва Баш массивларида барпо этилган шамол электр станциялари мамлакатимиз энергетика соҳасидаги энг йирик халқаро инвестиция лойиҳаларидан биридир.

Ушбу иншоотлар 2025 йилдан бошлаб тўлиқ қувват билан ишлашга киришди. Бугун улар ишлаб чиқараётган экологик тоза электр энергияси юз минглаб хонадонлар, ижтимоий объектлар ва саноат корхоналарининг барқарор фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу электр энергияси учун табиатга зарар етказилмайди, ҳавога зарарли газлар чиқарилмайди, қимматбаҳо ёқилғи сарфланмайди. Табиатнинг ўзи инсонга бераётган шамол кучи халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Ғиждувон тумани марказидан қарийб 180 километр узоқликда жойлашган Кўкча массивининг Баш ҳудудига борган киши бутунлай бошқа оламга тушиб қолгандек бўлади. Чексиз саҳро бағрида осмон билан бўй талашаётган улкан оқ миноралар, бир маромда айланаётган гигант парраклар, замонавий бошқарув тизимлари ва муҳандислик ечимлари инсон ақл-заковатининг нақадар юксак даражага етганини намоён этади.
Умумий қиймати 650 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур мега лойиҳа йиллик 1,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Илк йилнинг ўзидаёқ миллиардлаб киловатт-соат электр энергияси миллий тармоққа узатилди.
Жорий йилдан бошлаб эса Жонгелди ва Баш ҳудудларидаги жами 158 та шамол турбинаси йилига қарийб 4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини яратмоқда. Бу мамлакатимизда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг қарийб 6,5 фоизини таъминлашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Бу рақамлар ортида юзлаб муҳандислар, минглаб қурувчилар, замонавий технологиялар ва энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаган стратегик сиёсати мужассам.

— Чўл-биёбонда шундай муҳташам иншоотлар қурилганини кўриб ҳайратга тушасан, — дейди меҳнат фахрийси Аҳад Шарипов. — Бу мамлакатимизга бўлган ишонч, хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган юксак эътиборидир. Электр барқарор бўлса, заводлар ишлайди, тадбиркорлик ривожланади, аҳоли фаровон яшайди. Бундай замонда яшаётганимиздан фахрланамиз.
Бугун Бухорода шамолдан олинаётган ҳар бир киловатт электр энергияси минглаб хонадонлардаги чироқларни ёқмоқда, юзлаб ишлаб чиқариш корхоналарига қувват бағишламоқда, янги инвестициялар кириб келишини таъминламоқда. Энг муҳими, бу келажак авлод учун мусаффо табиат ва соғлом экологик муҳитни сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Бу лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратмоқда, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантирмоқда, йўл, электр тармоқлари ва бошқа инфратузилмаларни такомиллаштиришга туртки бермоқда. Яъни шамол энергетикаси фақат электр ишлаб чиқариш билан чекланмай, бутун ҳудуд иқтисодиётининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича яна ўнга яқин йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу эса яқин истиқболда вилоятнинг мамлакат энергетика тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати турибди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил бугун айнан ана шундай лойиҳаларда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Чунки барқарор электр таъминоти — бу қулай ҳаёт, янги иш ўринлари, ривожланган саноат, замонавий хизматлар ва халқ фаровонлигидир.

Бухоро чўлларида айланаётган шамол парраклари фақат электр энергияси ишлаб чиқармаяпти. Улар мамлакатимиз иқтисодиётига куч, саноатга қувват, тадбиркорга имконият, ёшларга ишонч ва келажак авлодга мусаффо табиатни тақдим этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Бухорода амалга оширилаётган шамол энергетикаси лойиҳалари Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг ёрқин саҳифаларидан биридир. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, хорижий инвесторлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ва халқ манфаатини устувор қўйган ислоҳотлар туфайли кечаги саҳролар бугун тараққиёт масканига айланди.
Шамол қанотларида айланаётган ҳар бир турбина — бу юртимиз тараққиётининг ҳаракатга келган ғилдираги, халқ фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва Янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагига хизмат қилаётган буюк бунёдкорлик рамзидир. Бухоро энди нафақат қадимий тарихи ва бетакрор меъморий обидалари, балки замонавий “яшил энергетика” соҳасидаги улкан ютуқлари билан ҳам бутун дунё эътироф этаётган ҳудудга айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири