“Бухоро” ўз майдонида “Соғдиёни”ни таслим этди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тур ўйинлари давом этмоқда. Бугун, 3 май куни мусобақа доирасида учта учрашув бўлиб ўтади.
Дастлаб, ОКМК ўз майдонида “Нефтчи”ни қабул қилади. Беллашув соат 17:00 да старт олса, орадан бир соат ўтиб “Қўқон-1912” ва “Бунёдкор” жамоалари баҳси бошланади. Куннинг сўнгги учрашувида “Сурхон” Термиз шаҳрида “Пахтакор” билан куч синашади.

"Сурхон Арена" стадионида 19:15да старт оладиган "Сурхон" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан клубларнинг миллий чемпионатларимиздаги ўзаро ўйинлари ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионат доирасида 38 баҳсда тўқнаш келган. Уларнинг 28 тасида "Пахтакор", 7 тасида "Сурхон" зафар қучган. Уч ўйин дуранг натижа билан якунланган. Пойтахт клуби ушбу ўйинларда рақиб дарвозасини 112 марта ишғол қилган ва 33 тўп ўтказиб юборган. “Пахтакор” жами 16 марта йирик ҳисобларда ғалаба қозонган бўлиб, улар орасида энг йириги 8:0. Мазкур натижа 2004 йилги мавсумда қайд этилган.

Дарвоқе, бу йилги Суперлига баҳсларининг 11-туридан ўрин олган “Бухоро” ва “Сўғдиёна” учрашуви мезбонлар фойдасига 2:1 ҳисобида якунланди.
Учрашувдаги голларга Тимур Мамасидиқов, Шерзод Эсанов, Жасур Жалолиддинов муаллифлик қилди. Шунингдек, "Динамо" ўз уйида "Машъал"ни 3:1 ҳисобида таслим этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА