Бухоро: Жилвон гўзал масканга айланмоқда
Президент топшириғи – амалда
2024 йил 12 август куни видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш эканини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, бугун Шофиркон туманида ҳам кенг кўламли лойиҳаларга қўл урилмоқда.

Жумладан, Жилвон чўли бағрида туристик маскан барпо этиш ташаббусини илгари сурган тадбиркор агро-экотуризм масканини барпо қилди. Бухоро шаҳридан 60 км узоқликдаги бу масканда бугун бир миллион дона кўчат етиштирилмоқда. 8 гектар майдонда 20 дан ортиқ ниҳоллар парвариши чўл бағрида ҳақиқий табиат мўъжизасини намоён қилган.

– 2004 йил шу ҳудудга келиб икки гектар ерда иш бошлагандим, – дейди тадбиркор Афзал Қўшшаев. – Ҳозирги кунда майдон кенгайиб 50 гектарга етди. Биология йўналишида таҳсил олганим учун ўсимликларга қизиқишим катта. Синов тариқасида доривор гожи, тапинампур, азмарин, лаванна, наъматак каби ўсимликлар ҳам кўпайтирилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида 500 мингдан зиёд кўчат етказиб берилмоқда.

Ҳозирда ҳудудларнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, этно, гастрономик ва экотуризм бўйича қўшимча масканлар яратиш ишларига жиддий киришилди. Шофирконнинг Жилвон чўли кенгликларида ҳам 8 гектар майдонга боғ яратишни мақсад қилган Афзал Қўшшаевнинг ташаббуси бугун дам олиш маскани барпо бўлишига олиб келди. Бундай жойда кўчат кўкартиришнинг ўзи бўлмайди. Аммо машаққатларга бўйин эгмаган миришкорнинг саҳродаги боғида бугун дарахтлар сони кундан-кунга кўпаймоқда.

– Экотуристик марказнинг бир гектарида туристлар учун алоҳида 20 хил мевали ниҳол экилган, – дейди тадбиркор Афзал Қўшшаев. – Ҳар бир мавсумда туристлар ўз қўллари билан меваларни узиб ейиш учун шароитлар яратилган. Шафтоли, зардоли, қароли, бодом, олманинг 4-5 тури мавжуд. Айни кунда мавсумий ишчилардан ташқари 20 нафар аҳоли иш билан таъминган.
Шаҳзода Раҳмонова ҳам Жилвон чўлининг инжиқликларини яхши билади. У бугун вилоятнинг олис ҳудудида ташкил қилинган экотуристик масканнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

– Ёшлигимдан ўсимликларга қизиқаман, – дейди боғ ишчиси Шаҳзода Раҳмонова. – Асосан боғда манзарали ва мевали дарахтларни парвариш қиламиз. Шунингдек, помидор, бодринг, ловия, полиз маҳсулотлари, пиёз, шолғом, картошка, сабзи каби маҳсулотларни ҳам етказамиз. Боғимизнинг бир қисми гулзорга айлантирилган.

Маскан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳам вилоят бўйича янги турдаги кўчатларни етказиб беришни мақсад қилган. Мутахассисларнинг эътироф этишича, чўл иқлимига мослаштирилган дарахтлар Бухоронинг чўллашган ва шўрланган ҳудудларига ҳам тўла мос келади.

Келгусида, чўл бағридаги сўлим гўшани экотуризмга қизиқувчи меҳмонлар учун муҳим маршрутга айлантириш режа қилинган. Давлатимизнинг эътибори, яратилаётган имкониятлар сабаб Жилвон бағрида сўлим масканлар барпо этилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.