Бухоро — дунё сайёҳларини мафтун этаётган шаҳар
Бухорони бир марта кўрган инсон унинг тарихини эмас, тарихнинг ўзи инсонга қандай таъсир қилишини ҳис этади. Бу заминда асрлар садоси қадимий гумбазлар, масжид ва мадрасалар, тор кўчалар, ҳунармандлар устахоналари ва меҳмондўст инсонлар чеҳрасида бугун ҳам яшаб келмоқда. Шу боис Бухорога келаётган сайёҳ шунчаки тарихий обидаларни томоша қилмайди — у минг йиллик цивилизация билан юзма-юз келади.
Бугун эса ана шу ноёб мерос замонавий туризм имкониятлари билан уйғунлашиб, Бухорони халқаро миқёсдаги йирик сайёҳлик, маданий ва ишбилармонлик марказларидан бирига айлантирмоқда.
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан Бухорода туризм соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали тадбир ҳам ана шу юксалишнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, сайёҳлик соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларни ушбу муҳим сана билан самимий муборакбод этди.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик ва юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоғига айлантириш, тарихий-маданий меросдан самарали фойдаланиш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу эса Бухоро мисолида ўзининг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Жорий йилда вилоятга 2 миллион 35 мингдан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Уларга кўрсатилган туристик хизматлар ҳисобига 581,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тушум қайд этилди. Шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларидан 4 миллион 100 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ Бухорога келди.


Бу рақамлар ортида шунчаки статистика эмас, балки минглаб янги иш ўринлари, оилаларнинг даромади, тадбиркорликнинг кенгайиши, ҳунармандчиликнинг жонланиши, янги хизмат турларининг пайдо бўлиши ва энг муҳими, Бухоронинг дунёдаги туристик харитадаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётгани мужассам.
Сайёҳлар оқимининг ортиши, табиийки, туризм инфратузилмасини ҳам жадал кенгайтиришни тақозо этмоқда. Йил бошидан буён вилоятда 79 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 757 тага етказилди. 1 842 та янги меҳмон ўрни ташкил этилди. Шунингдек, 35 та янги туроператор ва турагент фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун туризм ва унга туташ тармоқларда 85 минг нафар аҳоли меҳнат қилаётгани эса соҳа Бухоро иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигининг муҳим таянчларидан бирига айланаётганини кўрсатади.
Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти унинг қадимий обидалари билангина чекланмайди. Шаҳар бугун халқаро маданий мулоқот, ижодкорлик, ҳунармандчилик ва ишбилармонлик майдони сифатида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Бухоро 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти, 2023 йилда “Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомига сазовор бўлди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғига “Амалий безак ва халқ санъати” йўналиши бўйича Марказий Осиёдаги илк шаҳар сифатида киритилди. Бу эътирофлар Бухоронинг нафақат тарихий мероси, балки бугунги ижодий салоҳияти, миллий ҳунармандчилиги ва маданий анъаналари халқаро миқёсда муносиб баҳоланаётганидан далолатдир.
Сўнгги йилларда ўтказилган Осиё хотин-қизлар II форуми, III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, “Ипак ва зираворлар” фестивали, I Бухоро биенналеси каби йирик тадбирлар ҳам шаҳарнинг халқаро анжуманлар ва маданий тадбирларга мезбонлик қилиш салоҳиятини намоён этди.
Энг муҳими, Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг халқаро конференциясига мезбонлик қилади. Унда қарийб 110 та мамлакатдаги 408 та ижодкор шаҳар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.


Бу — Бухоронинг халқаро маданий майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин далили.
Замонавий туризм фақат тарихий обидаларни кўрсатишдан иборат эмас. Бугун сайёҳ бир вақтнинг ўзида сифатли хизмат, қулай меҳмонхона, мазали миллий таом, хавфсиз муҳит, қизиқарли маданий дастур, харид қилиш имконияти ва унутилмас таассуротни излайди. Шу нуқтаи назардан Бухорода MICE — конгресс, конференция, кўргазма ва ишбилармонлик туризми учун зарур инфратузилмани шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги меҳмонхоналар, Конгресс-холл мажмуаси, Кўргазмалар зали ва бошқа замонавий объектларнинг барпо этилаётгани Бухоронинг нафақат сайёҳлар, балки халқаро форумлар, йирик конференциялар ва ишбилармонлик учрашувлари учун ҳам жозибадор манзилга айлантирмоқда. Айни пайтда туризм географияси ҳам кенгаймоқда. Вилоятнинг турли ҳудудларида “туризм қишлоғи” ва “туризм маҳалласи” мақомлари жорий этилиб, миллий ҳунармандчилик, гастрономия, оилавий меҳмон уйлари, этнотуризм ва маҳаллий хизматларни яхлит туристик маҳсулотга айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Демак, туризм энди фақат Бухоро шаҳри маркази билан чекланиб қолмаяпти. У аста-секин қишлоқ ва маҳаллаларга кириб бормоқда, одамларнинг кундалик меҳнати ва маҳаллий имкониятларини янги даромад манбаига айлантирмоқда.
Туризм соҳасининг ҳақиқий қаҳрамонлари — бу ҳар куни меҳмонларни кутиб оладиган, уларга йўл кўрсатадиган, тарихни сўзлаб берадиган, миллий таом тайёрлайдиган, зардузлик ва мисгарлик сирларини намойиш этадиган, меҳмонхонада хизмат кўрсатадиган, транспортда ҳамроҳлик қиладиган, музей ва маданий масканларда меҳмонларга хизмат қиладиган минглаб инсонлардир.


Шу маънода вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг тадбирда туризм соҳаси вакилларига билдирган миннатдорлиги алоҳида аҳамиятга эга.
— Бухорога келаётган ҳар бир меҳмоннинг таассуроти сизларнинг меҳнатингиз билан чамбарчас боғлиқ. Сизларнинг ҳар бирингиз Бухоронинг дунёдаги ўзига хос ташриф қоғозини яратаётган инсонларсиз, — деди вилоят раҳбари.
Дарҳақиқат, Бухоронинг дунёдаги обрўси фақат унинг қадимий деворлари ёки муҳташам обидалари билан эмас, балки ана шу обидаларни меҳр билан асраб-авайлаб, меҳмонларга унинг маъно-мазмунини етказаётган инсонлар билан ҳам белгиланади.
Тантанали тадбирда соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойиларнинг хизматлари муносиб тақдирланди.


Бир гуруҳ соҳа вакилларига “Туризм фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Бухоронинг туристик салоҳиятини юксалтириш, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш, миллий маданият ва меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатган мутахассислар турли номинациялар бўйича тақдирландилар.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири