Бухоро давлат университетида 10 та янги таълим йўналиши ташкил этилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 10 та янги ва истиқболли таълим йўналиши йўлга қўйилади. Янги йўналишлар меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида шакллантирилган бўлиб, улар орқали мамлакат иқтисодиёти ҳамда ижтимоий соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрланади.
Жумладан, «Давлат аудит», «Юриспруденция (масофавий)», «Даволаш иши» ва «Тиббий профилактика иши» таълим йўналишлари бўйича давлат бошқаруви, ҳуқуқшунослик ва соғлиқни сақлаш соҳалари учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.
[gallery-30494]
Университетда таълим сифатини миллий ва халқаро стандартлар даражасига мувофиқлаштириш, ўқув жараёни самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Акрам Амирқулов бошчилигидаги экспертлар гуруҳи ҳамда агентлик вакиллари махсус давлат аккредитацияси жараёнини ўтказиш учун университетга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида янги очилиши режалаштирилган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилмоқда. Экспертлар университетнинг ўқув дастурлари, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, моддий-техник базаси, клиник ва лаборатория инфратузилмаси ҳамда рақамли таълим муҳитини халқаро сифат мезонлари асосида комплекс баҳоламоқда.
Шунингдек, университет раҳбарияти, кадрлар буюртмачилари ва соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувларда янги таълим дастурларининг долзарблиги, меҳнат бозори талабларига мувофиқлиги ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур аккредитация жараёни университетда замонавий, рақобатбардош ва сифатли таълим дастурларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Янги ўқув йилидан фаолият бошлайдиган таълим йўналишлари мамлакат тараққиёти учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА