Бувайдага "Ақлвой" автобуси келди
Фарғона вилояти Бувайда тумани “Шўрқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига куни кеча илк маротаба “Ақлвой” автобуси келди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан тайёрланган мазкур кўчма мактабгача таълим ташкилоти асосан, республикамизнинг энг чекка қишлоқларига, болалар боғчаси қуришнинг имкони бўлмаган ҳудудлар ҳамда овулларда хизмат кўрсатишга мўлжалланган.
“Ақлвой” автобуси Бувайда туманидаги Шўрқишлоқ ҳамда Олтинқўрғон қишлоқларидаги мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган 400 нафар болажонга таълим-тарбия беради.
Янги лойиҳада ўқув-тарбиявий жараёни икки сменада амалга оширилади. Иссиқ кунларда машғулотларнинг катта қисми очиқ ҳавода ўтказилади. Бунинг учун ҳар икки қишлоқда чодир, тўсиқлар, ўриндиқлар, тепаликлар, арғимчоқлар, ўйин уйчалари ва қум майдончалари билан жиҳозланган майдончалар ташкил этилди. Уларнинг фаолият олиб бориши мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларни келгусида мактабга тайёрлаш жараёнида муҳим омил бўлади.
Фарғона вилоятида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 302 минг нафар боладан 203 минги мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинган. Вилоятнинг Бувайда, Сўх ҳамда Тошлоқ туманлари болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган туманлар рўйхатига киритилган бўлиб, ушбу ҳудудларда мос равишда 5, 15, 10 тадан оилавий нодавлат таълим муассасаси, Бувайда ва Тошлоқ туманларида 1 тадан давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш ва болалар қамровини 80 фоизга етказиш кўзланган. Бунга эришишда Президентимизнинг жорий йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлади.
Фарғона вилояти адлия бошқармаси ходимлари юқоридаги қарорни биринчи навбатда Сўх, Бувайда ва Тошлоқ туманларида кенг тарғиб қилишга киришган.
–Туманимизда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи паст даражада бўлсада, маълум ҳудудларда айнан хусусий секторда, маҳаллий тадбиркорлар кўмагида уй боғчалари ташкил этиш орқали қамров кўрсаткичи оширилган, - дейди Бувайда туман мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дилноза Нурматова. – Хусусан, Деҳқонобод қишлоғида ҳозиргача 4 та уй боғчаси ташкил этилди. Яқинда эса тадбиркор Алишер Йўлдошев шинам уй боғчаси очди.
Деҳқонобод қишлоғида бундан 2 йил аввал маҳаллий бюджетдан 280 миллион сўм ажратилиб, мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилоти таъмирланган эди. Жорий йил вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 450 миллион сўм маблағ ҳисобидан контейнер боғча ташкил этилди ва мазкур муассасанинг ўзига 270 нафар болажон қамраб олинди.
Контейнер боғча – зарарсиз, экологик тоза материаллардан барпо этилган. У учта гуруҳга аталган учта катта хона бўлиб, хоналар айни вақтда ҳам ётоқ, ҳам ўйинлар хонаси сифатида хизмат қилади. Бундан ташқари, боғчада кенг коридор ва иккита – ўғил ва қиз болалар учун алоҳида-алоҳида санузел жойлашган. Шинам, файзли боғчанинг ташқи ва ички деворлари, мебель жиҳозлари ёрқин бўёқларга бурканган бўлиб, кўзни яйратади.
Хусусий секторда мактабгача таълим ташкилотлари сонининг ортиши ота-оналар учун танлаш ҳуқуқини тақдим этиш билан бирга давлат муассасалари билан рақобат муҳитини шакллантирмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва оилавий боғчалар тармоғини кенгайтириш орқали мактабгача таълимга болалар қамровини оширишга, ўсиб келаётган ёш авлодни кичик ёшдан бошлаб қаровсиз қолишини олдини олишга ва боғчадан бошлаб “маҳаллабай” асосда самарали тарбия берилишини таъминлашга эришилмоқда.
[gallery-3151]
Муқимжон ҚОДИРОВ, ЎзА