Бутунжаҳон тозалик куни Афросиёб тепаликларида
Самарқандда 19 сентябрь – Бутунжаҳон тозалик куни (World Cleanup Day) муносабати билан шаҳардаги қадимий Афросиёб тепаликларида плоггинг эко-акцияси ўтказилди.
“Ҳаёт учун жой ажратинг!” шиори остидаги тадбир Самарқанд вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Эко-акцияда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 320 нафар кўнгилли экофаол ёшлар қатнашди. Улар 32 гуруҳга бўлиниб, Афросиёб тепалиги ва унинг атрофидаги ҳудудларни маиший ҳамда қаттиқ чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга оширди.

Тадбир давомида ҳудуддан 4 та махсус чиқинди ташувчи автомашинага 7 тонна турли хил маиший ва қаттиқ чиқиндилар йиғилиб, белгиланган тартибда олиб чиқилди.

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, акция нафақат ҳудудни ободонлаштириш ва тозалаш, балки ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда чиқиндиларни тўғри бошқариш бўйича жамоатчилик фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Тадбир якунида энг фаол иштирок этган гуруҳлар ва иштирокчилар аниқланиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири