Бунёдкорлик ишлари давом этади
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Самарқанд шаҳрининг Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида ҳам лойиҳа қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган тоннель қурилиши ишлари бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги “Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрининг асосий кўчалари, яъни 42 та кўчада муҳандислик коммуникация тармоқлари қуриш, 26 та кўчани реконструкция қилиш ҳамда 10 та тоннель ва кўприклар қурилиши бошланди.
Гулобод кўчаси Самарқанд шаҳрига қўшни туманлар ва вилоятлардан кириб келишда муҳим аҳамият касб этадиган кўчалардан биридир. Бироқ мазкур кўча ниҳоятда торлиги транспорт ва пиёдалар ҳаракати учун ноқулайлик туғдираётган эди. Шу боис Самарқанд шаҳридаги Г-34 ва Гулобод кўчалари кесишмасидан Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрори Валий мажмуасигача олиб борувчи кўчада 6 қаторли автомобиль йўли қуриш белгиланган. Мазкур топшириқ ижроси доирасида бугунги кунда Гулобод кўчасида 2,4 километр масофадаги йўл тубдан реконструкция қилиниб, қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Самарқанд шаҳрининг Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида ҳам лойиҳа қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган тоннель қурилиши ишлари бошланди.
Самарқанд шаҳрининг Гулобод, Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида амалга оширилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида журналистлар ва интернет нашрлари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда олиб борилаётган ишларнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Гулобод кўчасининг йўл ёқасида жойлашган турар-жойлар бузилишининг олдини олиш мақсадида мавжуд 9-10 метр габаритдаги йўлнинг тубдан реконструкция қилиниши ҳисобига 4 тасмали, габарити 15 метрли йўл қурилиши белгиланган. Йўлнинг ҳар икки томонидан ирригация лотоклари, пиёдалар юриш йўлаги ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар қурилади. 120 та темир устунлар ўрнатилиб, улар 120 та ёритиш лампалари билан жиҳозланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йўл қурилиш ишларига 18 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.

– Гулобод кўчасини кенгайтириш давомида бирорта аҳоли хонадони бузилишга тушмайди, – дейди вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бўлим бошлиғи Акбар Мирзаев. – Фақатгина баъзи хонадонларнинг кўча томонга чиқариб қурилган пешайвонлари олиб ташланади. Шу билан биргаликда, реконструкция ишлари давомида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда 75 та дарахт кесилади.

Мазкур ҳудудда ичимлик суви таъминоти ва оқова хизматлари кўрсатилишини яхшилаш мақсадида Хўжа Аҳрори Валий мажмуасидан Гулобод кўчаси орқали Термиз кўчасигача 3,2 километр масофада оқова сув тармоғи ҳамда 2,1 километр масофада ичимлик суви тармоғи тортиш бошланган. Ушбу ишларга 10,7 миллиард сўм маблағ ажратилган ва бугунги кунга қадар 30 фоиз маблағ молиялаштирилган.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида Хўжа Аҳрори Валий мажмуасидан Гулобод кўчаси орқали Термиз кўчасигача 8 километр масофада электр кабелларини янгилаш, қуриш ишлари амалга оширилади. Ушбу ишларга 9,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида эса 700 миллион сўм маблағ эвазига 2,6 километр масофада газ тармоғи тортиш, реконструкция қилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Журналистлар Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида амалга оширилаётган тоннель қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Мазкур тоннель қурилиши “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ “Кўприкқурилиш“ трести Унитар корхонаси томонидан амалга оширилади. Тоннель типидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 534 метр ва тоннель қисмининг узунлиги 93 метрга етади. Шу билан бирга Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр, баландлиги 3 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўлкаси қурилади. Рўдакий кўчаси бўйлаб ўтган трамвай йўли ҳам тоннель остидан ўтади.

Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.