Булутли технологиялар бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШга амалга оширган хизмат сафари доирасида “Oracle” компаниясининг ҳукумат ишлари бўйича бошқарувчи директори Эллисон О'Браин билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида “Ўзбекистон–2030” рақамли трансформация стратегиясини амалга ошириш, мамлакатга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда булутли технологиялар бозорини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар булутли хизматларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу йўналишда илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш ва инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, булутли технологияларни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида кенг жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, IT-хизматлар экспортини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий стартап экотизимини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА