Булунғурда автомобиль ишлаб чиқарилади
Президент ташрифидан сўнг...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 август куни Самарқандга ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар бўйича йиғилиш ўтказганди ва унда ҳудуд раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берганди.

Жумладан, Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов жорий йилда амалга оширилаётган лойиҳалар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот бериб, келгусидаги вазифалар ҳақида гапирганди.

– Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказиладиган бундай йиғилишларда, албатта, ҳудуд ривожи билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланади, оғриқли масалаларга ечим топилади, фаолият танқидий таҳлил қилинади, – дейди С.Астонов. – Шу жиҳатдан ушбу мажлисда ҳам туманимиз ҳаёти билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳал этилди, режаларимиз ҳақида Президентимизга ахборот бердик. М-39 халқаро автомобиль йўлидан туманимиз марказига келишда темирйўл кесишмасидан ўтишга тўғри келади. Кейинги пайтда поездлар қатновининг кўпайиши натижасида темирйўл кесишмасининг тез-тез ёпилиши автомобилларнинг бу йўлдан ўтишида кўп муаммоларни келтириб чиқараётганди. Президентимиз ушбу масалани ҳал этиш вақт-соати етганини қайд этиб, темирйўл остидан туннел қурилиши бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Бу туманимиз аҳолисининг кўп йиллик орзуси эди.

Булунғур асосан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлиб, ўтган йили туманда 415 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Бу маҳсулотларни шу ҳолатда сотгандан кўра, қайта ишлаб бозорга чиқарсак, деҳқон ва фермерларимиз учун ҳам, туманимиз иқтисодиёти учун ҳам фойдали бўлади. Шунинг учун бу йил инвестиция дастури асосида тўртта қайти ишлаш лойиҳасини амалга оширяпмиз. Бу билан туманимиздаги бундай корхоналар сони ўнтадан ошади. Ваҳоланки, беш йил олдин туманимизда биттагина қайта ишлаш заводи бўлган. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 2017 йилдаги 10 фоиздан 24 фоизга етмоқда.

Булунғурнинг тупроқ шароити ва иқлими картошка етиштириш учун жуда қулай. Деҳқонларимизнинг бу тармоқдан манфаатдорлиги ҳам бошқа экинларга қараганда анча юқори. Шунинг учун 2017 йилда туманимизда 2,1 минг гектар майдонда картошка экилган бўлса, бугунга келиб қарийб 8 минг гектарда “иккинчи нон” етиштиряпмиз. Биргина жорий йилда картошка етиштириш 200 минг тоннага етказилади.
Лекин бизда бу кўрсаткични янада ошириш имконияти мавжуд. Хусусан, Хўжамазгил маҳалласи ҳудудида суғориш қийин бўлган 2000 гектар ер майдонидан 25 йилдан буён бир марталик экинлар экиладиган лалми ер сифатида фойдаланиб келинмоқда. Биз ушбу ердан самарали фойдаланиш мақсадида “Туронбанк” билан биргаликда янги лойиҳа ишлаб чиқдик. Яъни 2 та насос ўрнатиш, 4 километр қувур ҳамда 1 та трансформатор учун 20 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш орқали йилига 45 минг тонна картошка етиштириш ва бир мингдан ортиқ оилани даромадли қилиш имконияти пайдо бўлади.
Йўл бўйи хизмат ва сервис кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида туманда кейинги беш йилда мазкур тармоқ субъектлари 396 тадан 1801 тага ошди. Аммо бу соҳани янада ривожлантириш имконияти мавжуд.
– Халқаро аҳамиятдаги М-39 автомагистралининг 24 километри туманимиз ҳудудидан ўтган, – дея сўзида давом этади С.Астанов. – Бу эса йўл ёқасида инфратузилмани ривожлантириш учун жуда катта имконият ҳисобланади. Ушбу ҳудудда умумий қиймати 15 миллион доллар бўлган 71 та савдо ва сервис объектларини ишга тушириш ҳисобига қўшимча 1,5 мингта янги иш ўринлари яратмоқчимиз. Жумладан, “Multifunctional Manufacturing” масъулияти чекланган жамияти томонидан 15 миллиард сўмлик логистика маркази, меҳмонхона, умумий овқатланиш ҳамда савдо комплекси ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудудга камида 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича берган топшириғи асосида бир қатор лойиҳаларни шакллантирдик.

Жумладан, Ғубдин массивида “Oltin tulpor motors” масъулияти чекланган жамияти томонидан 100 милллион долларлик инвестиция ҳисобига енгил автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Йилига 100 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган корхонада 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, “Agromonolit” МЧЖ томонидан умумий қиймати 11 миллион долларлик замонавий усулда иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси доирасида жорий йилда 7,4 миллион доллар инвестициялар киритилади. Хитойлик инвесторлар томонидан киритиладиган 150 миллион долларлик сармоя ҳисобига Ғубдинда 1000 гектар лалми ер майдонида замонавий суғориш тизимларини жорий этган ҳолда маккажўхори етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. “Shox Fayz baraka uylari” МЧЖ эса 7 миллион долларлик лойиҳа бўйича автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун йил якунига қадар 6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилади.

Жорий йил бошида туманимизда ишсизлар 7700 нафарни (9,2 фоиз) ташкил этган эди. 7 ойда амалга оширилган лойиҳалар, дастурлар асосида уларнинг 7100 нафарининг бандлиги таъминланди. Эндиликда олдимизда яна 600 нафар ишсиз ва меҳнат бозорига кириб келадиган 2200 нафар ҳамда миграциядан қайтиши кутилаётган 2500 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш вазифаси турибди. Бу бўйича ҳам аниқ ҳисоб-китобимиз бор ва уларнинг бандлигини таъминлаймиз.
Ишсизларнинг 1300 нафари “20 минг тадбиркор ва 500 минг малакали мутахассис дастури” ҳисобидан, 1500 нафари инвестиция лойиҳалари орқали, 1700 нафари кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳисобидан ишли бўлади.
Бу каби лойиҳалар, истиқболдаги режалар бугун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи эса бу ишларни янада жадаллаштириш ва кўламини кенгайтиришга туртки берди.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА