Бухоро – ислом оламида шариф шаҳар
Жорий йилнинг 15 апрель куни Бухоро шаҳрида “Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” тадбирларининг тантанали очилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида шариф шаҳар Бухоронинг Ислом таълим, фан ва маданият ташкилоти – АЙСЕСКО томонидан “Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти“ деб эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимизда бўлиб ўтадиган маърифий тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва бошқалар мамлакатимизда маънавий-маърифий жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ёш авлод тафаккурини тўғри шакллантириш, Ўзбекистоннинг жаҳондаги мавқеи ва обрўсини тобора юксалтиришдек мақсадларга йўналтирилганини таъкидлади.
Жорий йилнинг 15 апрель куни Бухоро шаҳрида “Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” тадбирларининг тантанали очилиши режалаштирилмоқда.
Унда 60 дан ортиқ мамлакатдан 300 дан зиёд меҳмонлар, шу жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар маданият вазирлари, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар қатнашиши кутилмоқда.
Тадбирлар доирасида “Ислом дунёси маданий меросида Ўзбекистоннинг ўрни“, “Имом Бухорийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси“ мавзуларида анжуманлар, халқаро илмий-амалий форум, хаттотлар, ҳунармандлар ижоди кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигига бағишланган тадбирлар ташкил этилади.
Маданият вазирлигида АЙСЕСКО делегацияси билан ўтказилган учрашувда ноёб исломий қўлёзмаларни нашр этиш, Ўзбекистон олимлари ҳақида ўзбек, араб, рус тилларида китоблар чоп этиш, Бухородаги энг яхши маданий лойиҳа, энг яхши ҳунармандчилик намуналари учун АЙСЕСКО мукофотини таъсис этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
– Бухоро қадим маданиятларнинг бир қанчасини ўзида мужассам этган, – деди Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) масъул вакили Рихиати Салиҳ Нажиб. – Бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад Бухоронинг нақадар бағрикенг, маданиятлар чорраҳасида жойлашган, зиёга, илм-маърифатга, эзгуликка интилган шаҳар эканини дунёга яна бир бор намойиш этишдир. Биз Бухоро шаҳри ҳамда Имом Бухорий мангу қўним топган Самарқанд вилоятида бўлганимизда ҳамюртларингизнинг “Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилинишига оид тадбирларга катта кўтаринкилик, мамнунлик билан жиддий тайёргарлик кўраётгани гувоҳи бўлдик. Бетакрор тарихий обидалардан ғоят ҳайратда қолдик.