Бугунги ниҳоллар – эртанги гўзал ҳаёт манбаидир
Инсон ҳаётида дарахтларнинг, яшилликнинг аҳамияти катта. Атрофдаги табиат карбонат ангидридни кислородга айлантириб беради, чанг-тўзонни камайтиради, иссиқ кунда ҳароратни мўътадиллаштиради. Дарахтларнинг бошқа фойдали хусусиятлари, афзалликлари ҳам жуда кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан қўмитага юкланган вазифалар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилишича, жорий йил 2 ноябрь – 10 декабрь кунлари бутун мамлакат бўйлаб дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” тадбири ўтказилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг тавсиясига асосан, ҳудудларда экиш учун 27 турдаги дарахт кўчатлари таклиф этилмоқда. Дарахт кўчатлари қайси ҳудудга мос келиши олимлар хулосаси асосида ҳар бир туманнинг шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда танланади. Бунда ҳар бир вилоятнинг иқлими ва тупроқ таркиби инобатга олинган ҳолда каштан, оққайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, акация, чинор, тут, жийда, ёнғоқ, беҳи, узум, қрим қарағайи ва виргин арчаси каби дарахт кўчатлари экилиши мумкин. Ниҳолларнинг униб кетишига жиддий эътибор қаратилди.
Хусусан, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида – 16 миллион тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада – 15 миллион тупдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Хоразмда – 14 миллион тупдан кўчат экиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, вилоятлар учун муайян квота тариқасида белгиланган 14-16 миллион донадан кўчатни эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик”да экиб бўлиш шарт эмас. Бу жараён келаси йил баҳорида ҳам тавсия этилган муддатларда изчил давом эттирилади. Бунда ҳар бир ҳудуд кузда ва баҳорда қанча экилишини ўзига аниқ режа қилиб олган.
Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига ҳам дарахтлар экилади.
Озод Ражабовнинг таъкидлашича, қўмитанинг daraxt 2020.uz электрон платформаси барча вилоятларда ташкил этилаётган “Яшил макон” умуммилий лойиҳасини амалга ошириш штаби билан интеграция қилинади. Экилаётган дарахтлар ҳисоби онлайн тарзда юритилиб, шаффофлик таъминланади. Бу платформани такомиллаштириш ишлари ниҳоясига етиши билан ундан истаган киши фойдаланиши, киритилаётган маълумотлар билан танишиши мумкин бўлади.
Қўмита мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда экишга киришилган қаламча ва кўчатлар ҳамда 2-3 ёшли ниҳол ва буталар ўтқазилишининг ҳисобини алоҳида юритиш баробарида мавжуд дарахтларнинг аниқ хатловига, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида яшил ҳудудларнинг электрон харитасини яратишга киришади.
Амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлардан мақсад яшил маконлар барпо этиш. Зотан, бугунги ниҳоллар – эртанги тоза ҳаво, демакки, гўзал ҳаёт манбаидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА