Бугун туғилган кун – Рустам Шодиев (хотира)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисодиёт фанлари доктори, мамлакатимиз туризм соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган мутахассис, профессор Рустам Шодиев 1938 йил 15 майда туғилган эди.
Рустам Шодиев 1955 йил Москва давлат иқтисодиёт институтига ўқишга кирган. У меҳнат фаолиятини 1960 йил Ўзбекистон Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида лаборантликдан бошлаган ва 26 йил давомида кичик илмий ходимдан то илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган поғоналарни босиб ўтган. 1967 йил Москва шаҳрида номзодлик, 1981 йил эса докторлик диссертациясини ёқлаган. 1983 йилда профессор унвонини олган.
1980-1984 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) “Сурия Араб Республикасида меҳнатни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш” номли лойиҳасига раҳбарлик қилган. Сафардан қайтгач, меҳнат вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. Банк-молия академияси илмий марказига раҳбарлик қилган.
1997 йилдан 2005 йилгача Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Жаҳон иқтисодиёти” кафедраси мудири, 2005-2019 йилларда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Халқаро туризм” кафедраси профессори лавозимида фаолият юритган.
У ўзбек тилида илк бор 2005 йилда ва кейинчалик қайта чоп этилган “Жаҳон иқтисодиёти” фани дарслигининг муаллифидир. 120 дан ортиқ мақолалари (улардан 18 таси хорижда) ва 4 та (биттаси инглиз тилида) йирик монографияси чоп этилган. 3 нафар фан доктори ва 30 нафар иқтисодиёт фанлари номзодини тайёрлаган. 1988 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонига сазовор бўлган.
Рустам Шодиев ЎзФА Кибернетика институтида, кейинчалик Меҳнат вазирлиги қошидаги илмий текшириш институтида катта илмий ходим лавозимида ишлаган. У 2020 йил 21 октябрда вафот этган.
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган, қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!