Бугун – Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни
Соҳа ходимларига эҳтиром кўрсатилди
2017 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Шундан буён мазкур сана аграр соҳада меҳнат қилиб келаётган юртдошларимиз томонидан кенг нишонлаб келинмоқда.
Тошкент давлат аграр университетида ҳам Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” нишонланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазирлик тизим ташкилотлари раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари, аграр соҳа фидойилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига байрам табригини Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Президент табригида таъкидланганидек, биз ҳар бир қарич ердан ҳамда ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланадиган, доимо изланиб, ўзига хос тажриба яратган инсонларни ҳақиқий ватанпарвар сифатида қадрлаймиз. Жорий йилда ҳам мана шундай кластерлар ва фермерлар томонидан 100 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилиб, озиқ-овқат экинлари экилди, мевали боғ ва токзорлар барпо этилмоқда.
Иқлим ўзгариши, глобал исиш оқибатида мамлакатимизда сув танқислигининг олдини олиш учун 500 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, 3 млрд. куб метр сув иқтисод қилинди ва қарийб 1 млн. гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланди.
Соҳада замонавий илм ва инновацияларга асосланган ресурс тежамкор технология ва агротехник тадбирларни жорий этиш, гумусли био ўғитларни қўллаш ҳисобига тупроқ сифати яхшиланиб, ҳосилдорлик пахтада 10 фоиз, буғдойда 20 фоиз, сабзавот, полиз экинларида 25-30 фоизгача ошди.
Соҳани ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси” билан 9 та устувор йўналиш, қисқа ва узоқ муддатли ислоҳотларни амалга ошириш тамойиллари белгиланди. Айни пайтда Стратегияда белгилаб берилган тамойиллар асосида аграр соҳада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни, хусусан, чорвачилик ва иссиқхона хўжаликларини, пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳамда узумчилик ва виночилик соҳасини барқарор ривожлантириш, хомашё базасини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш, аграр секторни замонавий, ресурс тежамкор техникалар билан таъминлашни рағбатлантириш бўйича янги механизмлар жорий этилди.
Фойдаланишдан чиқиб кетган 1,1 млн. гектар ерларни оборотга киритиш Концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида ўтган 6 йил мобайнида қарийб 670 гектардан ортиқ ерлар фойдаланишга киритилди. Ушбу ерларда 280 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди ва қўшимча 4,2 млн. тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2016-2023 йилларда жами 400 минг гектардан ортиқ пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат экинлари жойлаштирилди. 2017-2023 йилларда 156,6 минг гектар янги мевали боғлар (92,6 минг гектар интенсив) ва 157,7 минг гектар янги узумзорлар барпо қилинди.
Барча тоифа хўжаликларида мевали боғлар майдони 355,6 минг гектарга, узумзорлар 209,7 минг гектарга етказилди. Амалга оширилган тизимли тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг йиллик ўсиши ўртача 103,7 фоизни ташкил этди.
Умуман олганда, давлатимизнинг қишлоқ хўжалиги равнақига қаратилган алоҳида эътибори, деҳқон ва фермерларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар боис соҳанинг барча тармоқларида олдинги йилларга нисбатан салмоқли ютуқларга эришилди. Масалан, деҳқонларимиз жорий йилда 3 млн. 800 минг тонна пахта, 8.5 млн. тонна ғалла хирмони яратди. Шунингдек, 15 млн. тоннадан ортиқ сабзавот-полиз, 5 млн. тонна мева ва узум, 4 млн. тонна картошка етиштирилди. Соҳанинг бошқа тармоқларида ҳам шундай ўсиш кузатилмоқда.
Тадбир доирасида бир гуруҳ аграр соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда қишлоқ хўжалиги фидойиларига Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
ЎзА