Бугун – Жаҳон цунамидан хабардорлик куни
2015 йил декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 5 ноябрни “Жаҳон цунамидан хабардорлик куни” сифатида эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Шу тариқа барча мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти цунами хавфидан жамоатчилик хабардорлигини ошириш, мавжуд хавфни камайтириш бўйича фаолиятга доир илғор тажрибани ўзаро алмашишга чақирилди.
Мазкур ташаббус табиий офатдан эрта огоҳлантириш, айни йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари, шунингдек эҳтимолий хавфни камайтириш бўйича бой тажриба тўплаган Японияга тегишли. БМТ Табиий офат хавфини камайтириш бошқармаси бошқа тузилмалар билан бирга шу кунни тарғиб қилиб келмоқда.
Цунами камдан-кам учрайдиган, аммо жуда ҳалокатли табиий ҳодисалардан биридир. Охирги 100 йил ичида 58 марта цунами кўтарилиб, 260 000 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳар бир ҳолатда ўртача 4600 инсон нобуд бўлганини англатади. 2004 йил декабрь ойида Ҳинд океани узра учган цунами энг кўп – 14 мамлакатда 227 000 одамнинг ҳаётига нуқта қўйди. Айниқса, Индонезия, Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Таиланд аҳолиси мислсиз жабр кўрди. Уч ҳафта ўтгач, халқаро ҳамжамият вакиллари Япониянинг Хиого префектураси Кобе шаҳрида тўпланиб, 2005-2015 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар асоси”ни қабул қилди. Хавфни камайтиришга оид мазкур илк глобал келишув асосида цунамидан огоҳлантириш марказларига маълумотни ёзиб оладиган ва жўнатадиган бир неча сейсмографик ва денгиз станциясидан иборат Ҳинд океанида цунамидан огоҳлантириш тизими яратилди.

Цунамига мойил ҳудудларда туризм ривожланиши кўплаб инсонлар ҳаётини хавф остига қўяди. Шу маънода хатарни чеклаш табиий ҳодиса таъсиридаги ўлим ҳолатини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатнинг устувор йўналишига айланмоқда.
Цунами атамаси японча цу – порт ва нами – тўлқин сўзларидан келиб чиққан бўлиб, денгиз сувининг нисбатан қисқа муддатли, аммо кенг кўламли бузилиши натижасида ҳосил бўлган давомли денгиз тортишиш тўлқини ҳодисасини англатади.
Аксар ҳолларда цунами зилзиладан сўнг юзага келади.
Бу йилги Жаҳон цунамидан хабардорлик куни “Табиий офатга чидамли келажак учун тенгсизликка қарши кураш” шиори остида ўтяпти. Бу сана айни йўналишдаги хавфни камайтириш учун глобал ҳамкорлик зарурлигини эслатиб туради.
Кейинги йилларда халқаро жамоатчилик наздида цунами ва тенгсизлик ўртасидаги муносабат мавзуси ҳам долзарб аҳамият касб эта бошлади. Бу жараёнда сайёрамиздаги мавжуд тенгсизлик туфайли цунами инсониятнинг муайян гуруҳлари учун улкан хавф туғдириши, натижада заиф қатлам янада қашшоқлашиши ва оқибат – тенгсизлик янада кучайиши муаммоси юзага чиқади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА