Буддизм обидалари тур маршрутининг 3D модели яратилмоқда
Бой тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Ўзбекистон ўзининг ноёб туристик салоҳияти билан ҳам машҳур. Турли даврларга оид археологик ёдгорликлари, аждодларимизнинг юксак дид ва маҳорати билан барпо этилган муқаддас мақбаралари, миллий қадриятлари, гўзал табиат манзаралари-ю, шифобахш зилол сувлари, қуёш нурига тўйинган турли зироатлари билан сайёҳларни ҳамиша мафтун этиб келган.
Мамлакатимизнинг сайёҳлик йўналишида буддизм туризми ҳам муҳим ўрин тутади. Шунга кўра, сўнгги йилларда жаҳон тажрибасидан фойдаланиб, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, сайёҳлар учун қулай шароит яратиш ва сифатли маҳсулотларни етказиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган «Республикамиз ҳудудларидаги буддизм обидалари тур маршрутларининг 3D моделларини яратиш» инновацион лойиҳа гранти юртимизда буддизм туризмини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент Давлат Шарқшунослик университети амалга ошираётган мазкур инновацион лойиҳа муддати икки йиллик бўлиб, унинг дастлабки босқичида Тошкент-Фарғона-Тошкент-Самарқанд-Термиз йўналиши бўйича қизиқарли турмаршрут ишлаб чиқилди. Ушбу йўл харита асосан маданий мерос объектлари, музейлар ва буддизм конфессиясини ўз ичига олган.
Маълумотларга кўра, буддизм дунёдаги учта йирик динлардан биридир. Бу жаҳонда буддизм зиёратчилари йириклигига яққол далилдир.
Мамлакатимизда эса будда дини ва унинг ривожи билан боғлиқ кўплаб археологик обидалар сақланиб қолгани ва улардан топилиб, музейларда сақланаётган ноёб осори-атиқалар буддизм туризмини юксалтириш учун қулай имконият яратган. Масалан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги Далварзинтепа қадимги шaҳар харобаси Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти бўлган. Милоддан аввалги 2 аср охири ва 1 асрларда ҳозирги Далварзинтепа ўрнида кичик манзилгоҳ пайдо бўлган. Кушон подшоларидан Канишка даврида Далварзинтепа шаҳар сифатида шаклланган. Милоддан аввалги 1 аср охири ва милодий бошларида Шимолий Бақтрия ҳудудида Далварзинтепадан бошқа бунчалик йирик шаҳар манбаларда қайд этилмаган. Бу археологик ёдгорлик қалинлиги ўн метргача бўлган қудратли мудофаа девори билан ўраб олинган шоҳ сарой қалъаси ва шаҳарнинг ўзидан иборат.
Термиз туманидаги милодий 1-3 асрларга оид вихара типидаги буддавийлик монастирь-ибодатхонаси Фаёзтепа, будда ғор ибодатхоналар мажмуаси Қоратепа, Музработ туманидаги милоддан аввалги 4 аср охирида асос солинган Кампиртепа (Окс Александрияси) шаҳар харобаси ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги археологик ёдгорликлар, музейларда сақланаётган ноёб топилмалар қадимда будда динининг шаклланиши, дунё бўйлаб ёйилиши, ўтмишда бу динга эътиқод қилувчиларнинг турмуш тарзи ҳамда маданиятини ўрганишда муҳим ўрин тутади.
Инновацион лойиҳа асосида ишлаб чиқилган тур маршрутга Сурхондарё вилоятидаги буддизм археологик ёдгорликлари, Термиз археология музейи билан бирга Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Буддизм конфессияси ва ибодатхонаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Республикаси Санъатшунослик институти қошидаги музей, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Қува буддавийлик ёдгорлиги, Самарқанд давлат музей қўриқхонаси сингари йигирмадан ортиқ объект киритилди. Шунингдек, ҳар бир объект жойига чиқиб қайта ўрганилиб, фотосуратлари олинди.

Буддизм объектлари бўйича буклет, флаер, харита нашрга тайёрланди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида буддизм обидаларининг 3D тур маршрутларини яратиш бўйича якуний маҳсулотни тайёрлаш, монография нашр қилиш, мазкур объектларни туристик айланмага киритиш бўйича аниқ ишлар олиб борилмоқда.
Янги Ўзбекистонда сайёҳлик, хусусан зиёрат ва буддизм туризмини ривожлантириш учун транспорт логистикасига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Илгари бу соҳада ягона «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси хизмат кўрсатган бўлса, эндиликда рақобатбардош яна бир “Qanot Sharq” авиакомпанияси А320 аэробуслари орқали маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатишни йўлга қўйди.
Ўтган йилнинг май ойидан Тошкент-Фарғона-Термиз маҳаллий ички авиарейсларининг йўлга қўйилгани эса Ўзбекистоннинг буддавийлик обидаларига 3D тур маршрутлари бўйича саёҳатлар ташкил этишга жуда қулай шароит яратди.
Инновацион лойиҳа орқали амалга оширилаётган ишлар, тайёрланаётган сайёҳлик маҳсулотлари мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини ошириб, нафақат маҳаллий балки, хорижлик сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Феруза Назарова,
Тошкент давлат шарқшунослик институти докторанти,
Зебунисо Алимардонова,
Сурхондарё вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
ЎзА