Бу йил баҳор Бахмалнинг эшигини эрта қоқмоқда
Туркистон тоғ тизмалари этагида жойлашган Бахмал туманида бошқа ҳудудларга қараганда қиш барвақтроқ бошланиб, баҳор кечроқ келади. Аммо бу йил табиат тақвимида бироз ўзгариш бўлди. Баҳор эрта бошланаётир.
Одатда ўрик Жиззахда довча бўлган пайтда Ойқор этагидаги қишлоқларда эндигина гуллайди. Бу йил қиш иссиқ келиши туфайли Бахмалда феврал ойида ўрик гуллади. Бошқа мевали дарахтлар ҳам аллақачон қиш уйқусидан уйғониб қўйди.
Боғбонлар бундан ташвишда, албатта. Бахмалликлар қиш билан доим қор ёғиб турган вақтда хайрлашади. Барвақт очилган гул қишнинг сўнгги совуғида нобуд бўлиши ёки баҳорнинг бошидаги серёмғир, сернам кунларда яхши чангланмаслиги, табиийки, ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади.
– Бизнинг қишлоқдаги бу ўзгаришлар ҳам бутун дунё олимлари, экологлари ташвиш билдираётган сайёрамиздаги иқлим ўзгариши билан боғлиқдир балки, – дейди қирққишлоқликлик меҳнат фахрийси Келдек Тўйчиев.
– Бироқ табиатнинг бағри кенг. Ҳеч қачон деҳқонни ноумид қилмаган. Бундан ташқари давлатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли боғдорчиликдаги ишлар ҳам такомиллаштирилиб, суғоришнинг замонавий технологиялари қўлланилаётир. Худо хоҳласа, бу йил ҳам яхши бўлади.
Боғдорчилик ота мерос бўлган бахмаллик барча боғбону саҳибкорнинг нияти шундай. Яхши ният билан кўчат экиб, боғ яратиш билан банд.
Боғдорчиликда табиат ноқулайликларидан бошқа қийинчиликлар ҳам кўп. Бу тармоқда ҳам ердан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, сифатни яхшилаш, сотиш, сақлаш, маҳсулот таннархини арзонлаштиришда қатор янги муаммоларни ҳал этиш вазифаси бор. Энди аввалгидай эски боғлар, анъанавий усулдаги боғбонлик билан бу муаммоларни ҳал этиб бўлмай қолди. [gallery-1271]
Кейинги йилларда давлатимизнинг халқимизни қишлоқ маҳсулотлари билан таъминлашга бераётган эътибори билан боғдорчиликни ривожлантиришга ҳам ёндошувлар ўзгарди. Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлар, маҳсулотни сақлаш, сотиш билан шуғуланувчи корхоналар, хориж технологияси асосидаги интенсив боғлар кўпаймоқда.
Қирққишлоқдаги мева сақлаш музлаткичи, боғдорчилик фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларидан 16 аъзони бирлаштирган “Бахмал мева етиштирувчилари” кооперативи бундан уч йил аввал боғдорчиликка илғор технологияларни биргаликда жорий этиш учун ташкил этилган эди. Ўтган йили кооператив аъзоларининг умумий ер майдони 162 гектардан иборат эди. Йил охирида кооператив таркибидаги музлаткич корхонасининг ўзига ҳам интенсив боғ яратиш учун 10 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Кооператив ташкил этилган пайтда унинг таркибидаги асосан эски, паст рантабелли боғлар эди. Ўтган даврда кооператив аъзолари боғларни жадал суратда янгилашга, хориж технологияси асосида интенсив олмазорлар яратишга киришди.
– Боғлар кенгайиб, маҳсулот мева етиштириш кўпайиши билан маҳсулотни анъанавий ертўла, сув ўтказилган омборхоналарда сақлаш бугунги бозор талабига жавоб бермай қолди, – дейди кооператив раҳбари, маҳсулот сақлаш музлаткичи эгаси Жониқул Хидиров.
– Шунинг учун Германия технологияси асосида ишлайдиган 250 тонна сиғимли музлаткич қурдик. Музлаткичда фақат кооператив аъзоларининг эмас, қишлоғимиздаги, қўшни Ойқор, Музбулоқ қишлоқларидаги фермер, деҳқон, шахсий хўжаликларнинг маҳсулотларини сақлаётирмиз. Омборимизда меваларни узоқ муддат, масалан, олмани 12 ой давомида янги узилгандай сақлаш мумкин.
Илгари анъанавий ертўла, бино ичидан сув оқизиб қўйиш каби анъанавий усулда мевани узоқ муддат сақлаб бўлмасди. Ҳудудда замонавий музлаткичли омборлар йўқлиги туфайли боғбонлар мевани қўшни туманлардаги, Жиззах шаҳридаги омборларга олиб боришга мажбур бўлаётганди. Ушбу музлаткичли омборнинг ишга тушиши уларни олис масофага қатнаб қўшимча харажат ва вақт сарфлашдан халос қилди.
Фақат Қирққишлоқда эмас, туманнинг барча ҳудудида интенсив боғлар кенгайиб бораётир. Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Амалга оширилаётган ихтисослаштириш туфайли туман қишлоқ хўжалик соҳасида жиддий ўзгаришлар юз берди. Бу аввало, соҳада аввалги йилларга қараганда боғ майдонлари, етиштирилаётган маҳсулотнинг кўпайиб бораётганида кўриниб турибди.
Туманда 2018 йилда 370 гектар майдонда янги боғ яратилган эди. 2019 йилда 1 минг 516, 2020 йилда 2 минг гектар янги боғ барпо этилди. Шунингдек, янги узумзорлар 2018 йилги 215 гектардан 2020 йилга келиб 1000 гектарга етказилди.
Ўтган йил вилоят туманлари бўйича етиштирилган мева ва узумнинг энг кўпи Бахмал тумани ҳиссасига тўғри келди. 2020 йилда 32 минг 370 тонна мева, 2 минг 870 тоннадан зиёд узум етиштирилди.
Туманда лалми ерларга сув чиқариб, боғ ва узумзорлар барпо этишда ҳам улакан ишлар амалга оширилаётир. Жорий йилда 302 та фермер хўжаликлари томонидан 6 787 га ер майдони боғ ва 84 та фермер хўжалиги томонидан 2 000 га ер майдонида токзорлар барпо этилиши кўзда тутилган. Экиш графигига асосан, 2021 йил 15 мартга қадар боғ ва токзорларни барпо этилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда, боғ барпо этишга киришган 181 та фермер хўжалигидан 80 дан зиёди бу ишни якунлади.
Туманда боғ ва токзорларни барпо этишда сув тежовчи технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда 102 та лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.
Бугун Бахмалда барча, ёшу кекса, эркагу аёл боғ ишлари билан банд. Ҳамма жойда кўчат экиш, боғларга ишлов бериш, ариқ қазиш ишлари қизғин. Бу манзара, ишлар, одамларнинг ҳаракатда, ғайратига назар солинса, бахмалликлар баҳор келишини тезлатиб юборгандек туюлиши шубҳасиз. Ростдан ҳам шундай. Барвақт бошланган ишнинг ҳар доим баракаси бўлади.
Т. Бекназаров,
Ж. Ёрбеков(сурат),
ЎзА