“Бу ватанда бир Ватан, қурмоқни истайдир кўнгил…”
Ватан бунёд этилади. Ватан барпо бўлади. Ватан қурилади. Ватан улуғланади. Ватан ҳимоя қилинади. Ватан асралади.
Ватанни ҳам яратадиган, обод қиладиган, гуллаб-яшнатадиган Меъмори бўлади.

Меъмор Ватан фаровонлиги, гўзаллиги, тинчлиги, тараққиёти, халқаро нуфузи, обрўйи учун масъул, жавобгарҳисобланади. Бу ваколатни, ишончни унга халқи беради.
Бу бир томондан шарафли, иккинчи томондан машаққатли, мураккаб вазифадир. Беҳудага айтилмайди: Ватан юкини, юрагида Ватани борлар кўтаради.
Ўзбек халқида ўзи туғилиб ўсган тупроқда, киндик қони тўкилган ерда Ватан қуриш одати бор. Чуқур ўйлаб қарасанг, мана шу кичкинагина оиланг яшайдиган уйни, бир умр қурасан. Бутун ўй-фикринг мана шу уйни тиклашга қаратилади.
Аслида мана шу уй, остонасени Ватанинг ҳисобланади.
Минг афсуски бутун бошли Ватанни қуриш, уни янгилаш, ўзгартириш, авлодларга муносиб мерос қолдириш қанчалик оғир меҳнатлигини, ҳаммамиз ҳам англаб етмаймиз. Унинг залворини тасаввур қилолмаймиз. Фикр этолмаймиз.
Ватанимиз сиёсий калтабинлик, узоқни кўра олмаслик, ўз қобиғига ўралиб қолиш оқибатида мустақилликнинг ўтган 25 йили давомида стратегиясини, мақсадини, йўналишини бир неча марта ўзгартирди.
Фақат 2016 йилга келиб, аниқ мақсад, мустаҳкам ва ўзгармас стратегия, маълум бир йўналишимизни танлаб олдик. Бу йўлдан қайтмаслигимизни, чекинмаслигимизни баралла эълон қилдик.
Бугун Ватанимиз Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасида ечилмай қолган бирор бир муаммо йўқ. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти олдида ҳам ўз бурчи ва мажбуриятларини чуқур ҳис этади.
Ўзбекистон халқаро майдонда зиддиятлар яратмайди. Ҳеч кимга таҳдид солмайди. Даъво қилмайди. Аксинча, баъзи бир тарихий зиддиятларни ҳам орадан кўтариш сиёсатини юритади.
Марказий Осиёда эришилган бугунги тинчлик, барқарорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, чегараларнинг очилиши, бир-бирига халақит бермаслик, аксинча ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш, тарихий қадриятларни, анъаналарни тиклаш негизида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси муҳим ўрин эгаллайди. Бу нафақат бизнинг фикримиз, балки халқаро экспертларнинг, институтларнинг ҳам эътирофидир.
2025 йил, 26 январь, якшанба куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шундай пост қолдирди:
“Амирсой”, Ўзбекистон.
Мамлакатимиз ҳудудининг 94 фоизи тоғлардан иборат. Етти вилоятимизнинг ҳар бирида тоғ чанғили оромгоҳлар қуриш мумкин эди. Лекин, бизда бунақа масканлар деярли йўқ.
Чунки, биз мустақилликка эришганимиздан сўнг, оддий одамлардан тортиб президентларгача фақат сиёсат билан шуғулланганмиз. Ҳар куни митинг ёки ҳар куни тўй бўлган.
Бугун ўйлаб қарасам иқтисод, туризм ва бошқа соҳаларга мутлақо эътибор қаратмаганмиз. “Амирсой” тоғ-чанғи масканини кўрганимда чексиз ҳайратга тушдим.
Менинг ҳамкасбим Шавкат Мирзиёев бу ҳайратланарли масканни йўқ жойдан барпо этибди. Гап бўлиши мумкин эмас. Фақат яшанг дея оламан. Қанча одам иш билан таъминланган. Миллионлаб одамлар бу ерга дам олгани келишади. Хизмат кўрсатиш маданияти ҳеч ҳам Европа даражасидан қолишмайди.
Энг юксак даражада…”
Қирғиз Республикаси Президентининг бу самимий тилаклари, дўстона фикрлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий хизматларига берилган юқори баҳодир. Мазкур эътироф мени жуда тўлқинлантириб юборди. Ватанимдан, Президентимдан фахрландим.
Биз Ўзбекистонда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга кўникиб қолдик. Ҳатто, табиий қабул қиладиган бўлдик. Бунданда яхшироқ шароитларни орзу қила бошладик. Ўтмиш машаққатларини жуда тез унутдик. Назаримда баъзи бировларда шукр камайигандай. Ўрнини ношукрлик эгаллагандай...
Қўшни давлат раҳбарининг чексиз ҳайратида озгина армон, афсус-надомат ҳам бор. Унинг фикрларини ўқиш давомида ўзимга бир қатор хулосалар чиқардим. Тўғри йўлдан кетаётганимизга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. Арзон-гаров ур-йиқитлар, ўзаро аҳилликни йўқотилиши қимматга тушишини яна бир бор англадим.
Қадрига етиш керак. Бундай Ватанни, Ватан меъморини.
Кун давомида кўнглим кўтарилиб, руҳим тетиклашиб, бутун вужудимни, ғурур, қувонч ва шодлик, ҳаётдан розилик эгаллаб олди.
Ватан қуриш осон эмас. Йўқдан бор қилиш ундан ҳам қийин. Биз ҳам бунёдкорларга тасаннолар айтишимиз, яшанг дейишимиз керак.
Жаҳон ва Европа стандартларига мос ҳолда қуришни ҳам ўзи бўлмайди, албатта.
Қийинчиликлар ҳаққи ҳурмати, Ватан учун бир дона ғишт қўймасангиз, бир дона кўчат экмасангиз ҳам майли… Фақат, Ватанни шаънини сақланг. Ватан барпо этаётганларни Ватанга бўлган муҳаббатига хиёнат қилманг.
Амирсой - бу денгиздан бир томчи. 2016 йилдан шу бугунгача барпо этилган гигант завод ва фабрикалар, мактаблар, шифохоналар, йўллар, кўприклар, спорт иншоотлари, темир йўллар, таълим даргоҳлари, бутун бошли шаҳарлар... санаб адоғига етиб бўлмайди.
Юқорида айтдим. Бизни кўзимиз ўрганиб қолди. Ташқаридан келган нуфузли меҳмоннинг, давлат ва сиёсат арбобининг сўзларини ҳар бирини мағзини чақишимиз, ўзимизга хулоса чиқариб олишимиз керак, деб ҳисоблайман.
Бугун кечаги ҳис-ҳаяжонларим босилмасдан туриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган мана бу хушхабар мени жуда қувонтирди:
Мен Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнидаги ҳозирги ҳолат ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман. 2024 йилда мамлакатимиз ушбу йўналишда катта қадам ташлади.
Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган қатъий иқтисодий ислоҳотлар натижасида амалга ошди. Хусусан, ўтган йили ЖСТ Ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу бизга аъзоликнинг асосий ҳужжати – Ишчи гуруҳ Ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди. Шунингдек, АҚШ, Хитой ва Япония каби 15 та мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди. Натижада Ўзбекистон ҳисобида 23 та имзоланган битим бор.
Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди.
Тез орада Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим.
ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз олдига қандай улуғвор мақсадларни қўйганлигини англаяпмизми? Мамлакатимиз қайси йўлдан кетаётганлигини тушуняпмизми? Буларни таҳлил қилиб, халқимизга етказиш керак эмасми?
Нима учун, мустақил бўлганига салкам 35 йил бўлган мамлакатимиз жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмаган?
Тўғрисини тан олиб айтадиган бўлсак, 2016 йилгача халқаро ташкилот ва институтларнинг эшиги Ўзбекистон учун ёпиқ эди.
Бундай ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар, боши берк кўчага кириб қолганди. Халқаро ташкилотларни қўйинг. Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳам ҳаммадан ажралиб, яккаланиб қолганди. Ўзининг яқин қардошлари тили бир, дини бир, қондошлари билан ҳам келиша олмайдиган мамлакатга халқаро ҳамжамият ҳам шубҳа билан қарарди, ишонмасди. Бунинг оқибатида биз муаммолар гирдобида қолиб кетган эдик.
Бугун эса, Ватанимиз қаддини тиклаган. Йўлини топиб олган тарихий даврда яшаяпмиз.
Минг афсуски, бундай кунларимизни кўролмайдиганлар, нафақат ташқарида, балки ичимизда ҳам бор. Улардан эҳтиёт бўлишимиз, қутқусига учмаслигимиз, алданиб қолмаслигимиз тўғри йўлдан адашмаслигимиз жуда-жуда муҳим.
Икки кун ичида ўқиганим иккита хушхабар, менга худди қанот бағишлагандай бўлди.
Мен мақоламга сарлавҳа сифатида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўлмас сатрларини беҳуда танламадим. Бу туйғулар бугунги кунларимизга қанчалар ҳамоҳанг...
Президент Шавкат Мирзиёев бутунлай янги Ватан қурмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этмоқда.
Бу Ватан том маънода бизни қандай халқ эканлигимизни ифодалайди, кўрсатади, бутун дунёга намойиш қилади.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.