Бу ҳуқуқдан кимлар фойдалана олади?
Куни кеча Тошкент минтақавий темир йўл узели ҳамда “OʻZLITINEFTGAZ” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган тадбирда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун таҳрири муҳокама этилди.
Куни кеча Тошкент минтақавий темир йўл узели ҳамда “OʻZLITINEFTGAZ” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган тадбирда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун таҳрири муҳокама этилди.
Тошкент шаҳар бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари, аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Уюшма томонидан йиғилганларга қонуннинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Қонуннинг 12-моддасида келтирилган Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашмаслик кафолати Меҳнат кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунларимизда келтирилган моддаларга мувофиқдир.
Шунингдек, касаба уюшмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, мулк ҳуқуқи кафолатлари, уюшма органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ва этилмаган ходимлар учун кафолатлар, шунингдек, меҳнатга оид қўшимча кафолатлар, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари ва бошқа ҳуқуқлар мамлакатимизда ходимлар меҳнатини муҳофаза этиш бўйича демократик принципларга тўла риоя этадиган тизим яратилаётганлигидан далолат беради.
“Биз фуқаролардан касаба уюшмаларига бирлашишда ва ундан ўз ҳуқуқий манфаатлари йўлида фойдаланишда ташаббускор бўлишга чақирамиз. Ҳар бир шахс хоҳ хусусий, хоҳ давлат ташкилоти ходими бўлсин, бу ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эгадир ” – дейди “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Каримова.
Йиғилиш иштирокчилари қонуннинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишар эканлар, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича тадбир ташкилотчиларидан тегишлича жавоблар олишди.
Тадбир давомида Тошкент давлат аграр университети талабалари томонидан тайёрланган мавзуга доир видеоролик ҳамда саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларининг қонунни янада кенгроқ тушуниб олишларига хизмат қилди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби