Бу корхона байрам арафасида очилмоқда (+видео)
Янги Ўзбекистон ислохотларидан бири ҳудудларда эркин иқтисодий зоналар яратилганидир. Фарғона вилоятида ҳам бундан бир неча йил аввал Қўқон эркин иқтисодий зонасига асос солинган эди. 4 та ҳудуддаги 924 гектар майдонда бугун 132 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган.
2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида фойдаланишга топширилган барча 97 та саноат корхоналари томонидан умумий қиймати 1 трлн. 543 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ушбу корхоналар томонидан 59,8 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди.
Шу билан бирга бугунги кунда амалга оширилаётган умумий қиймати 346,8 млн.АҚШ доллари бўлган 35 та йирик лойиҳаларда тасдиқланган тармоқ жадвалларига асосан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида қўшимча 6505 та янги иш ўринлари яратилади.

Ана шундай корхоналарнинг бири – “Quantity Class” МЧЖдир. Уни маҳаллий қоракўз тадбиркорлар қуриб битказдилар.
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим масалалардан бири бўлиб турган чоқда тадбиркор Ўткирбек Жалилов буғдойни қайта ишлаш корхонасига асос солди.

–Корхонамизнинг умумий қиймати 12 миллион долларни ташкил қилади, – деди у.–Ускуналаримиз Туркия давлатидан келтирилган. Бир кунда 870 тонна буғдойни қайта ишлайди. Маҳсулотнинг 70 фоизи ички бозорга сотилади, 30 фоизи Афғонистонга экспорт қилинади.
Корхонага Туркиянинг GDM компаниясининг дунёга машҳур технологик линиялари ўрнатилди. Турк мутахассислари шу кунларда монтаж ишларини якунлаб барча бўлинмаларда синов ўтказишмоқда.

Мана бу сиз кўриб турган “Besh yulduz” бренди остидаги ун маҳсулотлари бугун эрта юртимиз савдо дўконларига ва хорижий харидорларга юборилади.
Тадбиркорнинг режалари катта. У яқин кунларда ишлаб чиқаришни янада кенгайтирмоқчи.

–Ҳозир омухта ем заводини қуриш режалаштирилган. Балиқ, товуқ, мол ва қўйларга ўзимизнинг бренд асосида сифатли озуқа чиқарилади, – дейди Ўткирбек Жалилов.
Шу тариқа Қўқон Эркин иқтисодий зонаси нафақат Фарғона вилояти, балки мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бирига айланмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/uqe8M4ODEFI?si=fkj1X5v-E5E3RF9i" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА