Бу ҳақида Президент гапирган эди (+видео)
Муносабат
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги тизим – кластер жорий этилганига кўп бўлмади. Аммо қисқа вақт ичида фермер ва кластер муносабатларининг бу кўриниши самарадор эканини кўрсатди. Энди пахтанинг манфаатдор эгаси бор эди. У дарҳол ҳосилдорликни ошириш йўлларини излади. Янги техника воситалари сотиб олди, экин плантанцияларини йириклаштирди. Меҳнатга ҳақ тўлаш эркин, ошкора ва ойбай, ишбай амалга оширилди.
Натижада, масалан биргина Фарғона вилоятида сўнгги 5-6 йилда ўртача пахта ҳосилдорлиги 10-12 центнерга ўсди. Фермер хўжалиги ҳам, деҳқон ҳам салмоқли пул кўрди.

Ҳар қандай янгилик мутлақо мукаммал бўлмаганидек, кластер тизимида ҳам камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Аввало, шартнома шартлари ижроси, фермерга маҳсулот учун тўловда оқсаш, экишда нав танлаш каби муаммолар йиғилиб қолган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида шу каби масалалар муҳокама қилинди ва аниқ таҳлилга асосланган топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.
Фарғона вилоятидаги “Рус–ўзбек текс” пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Дилшод Ҳамдамов бу анжуманда олган таассуротларини гапириб берди:
– Бир нарсага амин бўлдимки, ҳали кластерларнинг қиладиган иши кўп экан. “Рус–ўзбек текс” кластери Фарғона вилоятида биринчилардан ташкил этилган эди. Лекин бизда ҳам камчилик кўп.
Президентнинг ҳақлиги шундаки, фермерлар билан ҳисоб-китобни вақтида амалга оширсак, уларнинг ишончини қозонамиз. 2022 йилда 220 миллиард сўмдан ортиқ маблағ фермерларга тўлаб берилди. Бу йил 21 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёсини қабул қилдик ва унинг тўловлари якунланиш арафасида. Шундай тартиб ўрнатилдики, 2024 йилдан фермер хўжаликлари вилоят доирасидаги истаган кластер билан фючерс шартномаларини тузиш имкониятига ҳақли бўлади. Бу эса кластерларни фермерлар билан муносабатларини яна бир бор кўриб чиқишига мажбур қилади.

“Рус–ўзбек текс” кластери бу йил 7 минг тонна пахта толаси ажратиб олди.
– Буни юз фоиз ўзимизда қайта ишлаймиз. Тўқув, бўёқ ҳамда тикув цехларимиз очилиш арафасида. 2024 йилда 30 миллион АҚШ долларилик экспорт қилиш имкониятимиз бор.
Селектор йиғилишида Президент қўйган вазифа ва тавсияларни шу кунданоқ Фарғонада амалга оширишга киришдилар
– Кластеримиз 5700 гектар майдонда пахта етиштирди. Ўтган йили ҳар гектаридан 36 центнердан ҳосил олган бўлсак, бу йил 40 центнердан ошди. Лекин бу ҳосилдорлик бизни умуман қаноатлантирмайди. Чет элдан серҳосил уруғ олиб келишга рухсат берилди, гектаридан 70-80 центнердан ҳосил берадиган уруғлар бор экан. 2024 йилда биз ҳам ана шу уруғдан олиб келиб, юқори ҳосилдорликка эришишга ҳаракат қиламиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5a5n1z7hC7Y" title="Бу ҳақида Президент гапирган эди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов.
Тасвирчи: Элёр Олимов.